Ўзбекистон | 17:42 / 17.08.2023
21096
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Шарипов қўмита раҳбарлигидан кетди

У бу лавозимда 2020 йил сентябридан буён ишлаб келаётганди. 

Фото: Ўзбекипаксаноат

Баҳром Шарипов Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди. ЎзА хабарига кўра, унинг истеъфоси «бошқа ишга ўтаётгани» билан боғлиқ.

Баҳром Қурбонович Шарипов1974 йилда Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида туғилган. 1996 йили Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (кундузги шакл), 2004 йил Термиз давлат университети (сиртқи)ни тамомлаган.

У Термиз шаҳар ва Сурхондарё вилояти «Камолот» жамғармасида турли лавозимларда, шунингдек, вилояти ҳокими ёрдамчиси, Сурхондарё саноат, қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш комбинати котибият мудири — Сурхондарё вилояти «Автотехизмат» АЖ раиси ҳамда бир қатор хусусий компаниялар бош директори лавозимида фаолият юритган. «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 

2020 йил сентябрида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимини эгаллаганди.

Ушбу мулозим 2023 йил июнида Kun.uz нашрини судга берганди, бироқ кўп ўтмай даъвосини қайтариб олганди.

Унинг даъвосига журналист Шокир Шариповнинг «Давлат амалдорининг ‘ипакдан тўқилган’ бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?» сарлавҳали суриштируви сабаб бўлганди. Унда яқин вақтларгача қўмита билан бирга «Ўзипаксаноат»ни ҳам бошқариб келган Баҳром Шарипов ўзига алоқадор кўплаб компаниялар орқали ипак саноатида шахсий бизнесни юритаётгани айтилган. Мақолада Баҳром Шариповнинг бизнес тузилмалари асосини унинг турмуш ўртоғи ҳисобланган Сайёра Шарипова номига очилган фирмалар ташкил қилиши қайд этилганди.

Мавзуга оид