Ўзбекистон | 15:09 / 21.08.2023
11978
3 дақиқада ўқилади

Тошкент кўчаларида тажриба – дарахтлар ҳароратга қандай таъсир кўрсатади?

Тошкент шаҳридаги Паркент ва Маҳтумқули кўчаларида дарахт бор ва йўқ жойлардаги ҳарорат 7 даражагача фарқ қилган. Шаҳарсоз Искандар Солиев бу тажрибани даража ўлчайдиган асбобни 1 метр баландликка қўйган ҳолда 2 кўчанинг қуёшли ва сояли асфалт ҳамда тротуар қисмларини ўлчаш орқали амалга оширган.

Тошкент шаҳридаги Паркент ва Маҳтумқули кўчаларининг бир хил нуқталаридаги дарахтли ва дарахтсиз жойлар ҳарорати ўлчаб чиқилди. Бу тажрибани шаҳарсоз Искандар Солиев синаб кўрган. Солиев дарахти бор ва йўқ жойлар ҳароратини даража ўлчайдиган асбобни 1метр баландликка қўйган ҳолда текшириб кўрган. Бунда ҳаво ҳарорати 37 даражани кўрсатган кунда кўчаларнинг қуёш тушадиган ва дарахт соя қилиб турадиган асфалт ҳамда тротуар қисмларидаги ҳарорат ўчланган.

Натижаларга кўра, Маҳтумқули кўчасидаги дарахти бор тротуарда ҳаво салқин бўлиб, ҳарорат 33,4 даражани кўрсатган. Бу – дарахт бор жой кунлик ўртача ҳароратдан 4 даража салқин эканини англатади. Худди шундай Паркент кўчасидаги тротуарда салқин жойда эса ҳарорат 38,5 даражани кўрсатган.

“Балким бу вақтда суғориш ускуналари ишлагани сабаб ҳарорат пастдир, лекин дарахт борлиги учун ҳам бу ерда кўчадаги ҳароратдан пастроқ”, – деб изоҳлаган шаҳарсознинг ўзи. 

Маҳтумқули кўчасидаги қуёшли тротуарнинг бетон қопламали қисмида ҳарорат 39,4 даражани, яъни кунлик ҳароратдан 2 даража иссиқни кўрсатган. Бу кўрсаткич Паркент кўчасида 40,9 даражага чиққан.

Шунингдек, Маҳтумқули кўчасидаги автомобил йўлининг асфалт қоплама соя жойида 37,4 даража, қуёшли жойида эса 41,9 даражани кўрсатган бўлса, Паркент кўчасида қуёшли асфалт қоплама 42,2 даражани кўрсатган.

Паркент кўчасида дарахтларнинг деярли йўқлигини ҳисобга олсак, бу ерда сояли жойнинг ўзи йўқ, агар фақат биноларнинг соясини айтмаганда. Шунинг ҳисобида автомобил йўлининг асфалт қисмида ҳаво ҳарорати кунлик ҳароратдан 5 даражадан кўпроқ иссиқ”, – деб ёзади Солиев.

Шаҳарсоз тажрибадан дарахт бор кўчалар кунлик ҳароратдан бир неча градусга салқинроқ бўлиши, айниқса соя берадиган дарахтлари бор кўчалар анчайин салқин, соя бермайдиган арча ва шунга ўхшаш дарахтлар Ўзбекистон иқлимига мос келиши ҳам сўроқ остида деган хулосага келган. Шунингдек, у кўчаларнинг кенг бўлиши ҳам Ўзбекистонга унчалик тўғри келмайди деб ҳисоблайди.

Солиев ҳароратдан ташқари, ҳаво намлиги, ҳаво таркибидаги заҳарли газлар, шовқин ва яна бошқа нарсаларни ўлчаганда, кўчалар ҳақида янада кўпроқ маълумотларни солиштириб кўриш имкони бўлиши ва бу йўналишда ҳам тажриба қилиш нияти борилигини билдирган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид