Ўзбекистон | 13:37 / 23.08.2023
8700
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентларга тест синовида фойдаланиш учун айрим қўлланмалар берилган

Улар кимёвий элементлар даврий жадвали, шунингдек, кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвали билан таъминлангани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори Мажид Каримов тест синови пайтида абитуриентларга айрим қўлланмалар берилганини маълум қилди.

– Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуасидан келиб чиққан ҳолда, кимёвий элементлар даврий жадвали, физика фанидан «Доимий физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали», шунингдек, кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвали берилди, деди у.

Шу билан бирга, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида кимё, физика ва математика фанларида ҳар бир тест топшириғидан сўнг мисол ишлаш учун маълум миқдорда жой қолдирилган. Натижада абитуриентларга ҳисоб-китоб талаб этиладиган мисолларни тест топшириқлари китобининг охирига кўчириб ишлаш ўрнига шу ернинг ўзида ишлаш имконияти яратилган. 

Мажид Каримовнинг таъкидлашича, абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга киритиш ва шахсини аниқлашда идентификациялаш воситаларидан фойдаланилган. Натижада бошқа бир шахснинг абитуриент ўрнига тест синовига кириши олди олинган.

Шунингдек, эшитишда ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентлар учун тест синовларига сурдо таржимонлар ҳам жалб этилган. 

2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижаларига кўра, 193 минг 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган.

Мавзуга оид