Ўзбекистон | 13:29 / 24.08.2023
15165
2 дақиқада ўқилади

«Юксалиш» йўлларда «ноинсофлик» билан ундирилган жарималарни бекор қилишга чақирди

«Ноинсоф тадбиркорлик» йўли билан ундирилган жарималар аниқланса, уларни бекор қилиш ва ҳайдовчиларга тўловларни тадбиркорлар ҳисобидан қайтариш таклиф қилинмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган йўл қоидабузарликларини қайд этувчи камералардаги камчиликлар ҳамда «ноинсоф тадбиркорлик» фаолияти ҳақидаги гумонлар жамоатчиликни ташвишлантираётганини қайд қилди. Унинг сўзларига кўра, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тезкорлик билан бунга қарши чора кўриши керак.

Бекмуродов бу борада бир неча таклифларни билдириб ўтди.

- Биринчидан, деб ёзди у, мазкур тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган барча субъектларнинг сўнгги ҳафталардаги қайдномаларини тафтиш қилиш ва ҳуқуқий баҳо бериш чораларини кўриш лозим.

Иккинчидан, тафтиш натижасида «ноинсоф тадбиркорлик» йўли билан ундирилган жарималар аниқланса, уларни бекор қилиш ва ҳайдовчиларга тўловларни тадбиркорлар ҳисобидан қайтариш керак.

Учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг назорат-камералари орқали қайд қилинаётган жарималарни назорат тартибида доимий текшириш амалиётини жорий қилиш лозим.

Тўртинчидан, фуқароларни адолатсиз жарималар устидан шикоят қилишдаги оворагарчиликдан асраш мақсадида, қайдномаларга онлайн шикоят бериш имкониятини яратиш шарт.

Бешинчидан, барча локацияларда радар ўрнатилганлиги тўғрисидаги белгилар ёнида чекланган тезликни акс эттирувчи белгиларни ўрнатишни мажбурий қилиш лозим.

Унинг қўшимча қилишича, бу борадаги фаолият юзасидан жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

«Юксалиш» пиёдалар ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, фуқаролардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни сўрамоқда.

Мавзуга оид