Ўзбекистон | 14:28 / 25.08.2023
7611
2 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш учун тест топширганларнинг 89,2 фоизи талабни бажара олмаган – БМБА

Хориждан ўқишни кўчириш имтиҳонларида 41 мингдан ортиқ талаба қатнашган. Уларнинг фақат 10,8 фоизи талаб қилинган баллни йиға олган холос.

Фото: Shutterstock

Талабалар ўқишини хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича ўтказилган имтиҳон натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотига кўра, ўқишни кўчириш имтиҳонларида жами 41 122 нафар талабгор иштирок этган. Уларнинг 4 433 нафари – 10,8 фоизи Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган ўтиш балларини йиғган бўлса, 36 689 нафари – 89,2 фоизи талабни бажара олмаган.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар ОТМлар томонидан, тест синовлари эса Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган.

Маълум бўлишича, 41 122 нафар талабгордан 75 нафари тест синови жараёнида тартиб-қоидани бузгани учун тест синовидан четлатилган. ОТМларга кириш тест синовларида эса 888 660 нафар талабгордан 148 нафари четлатилганди. Кўчиришдаги имтиҳонларда тестдан четлаштирилишлар ОТМлар учун ўтган имтиҳондан 11 баробар кўп.

Худди шундай, ўқишни кўчиришда ҳудудга киришда 78 нафар талабгор тартиб-қоидани бузгани учун жараёндан четлатилган бўлса, ОТМларга кириш тест синовларида бу кўрсаткич 67 нафар, яъни 25 баравар камроқ бўлган.

Мавзуга оид