Спорт | 12:27 / 28.08.2023
29045
20 дақиқада ўқилади

Фантастик камбэклар ҳафтаси. АПЛда кун ўйинлари

Англияда мавсум қизимоқда: «МЮ», «Арсенал», «Ливерпул» ва ҳатто «Сити» ҳам қийинчиликка дуч келди. Ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: IAN MACNICOL/GETTY IMAGES

Борнмут – Тоттенҳэм 0:2
Голлар:
0:1 – 17 Мэддисон, 0:2 – 63 Кулусевски.
Борнмут – Нето, Ааронс, Келли, Забарный, Керкез, Кристи (Траоре, 60), Ротуэлл (Кук, 46), Биллинг (Мур, 86), Клюйверт (Энтони, 60), Соланке, Семеньо (Брукс, 73).
Тоттенҳэм – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удоджи (Дэвис, 82), Мэддисон (Скипп, 73), Биссума (Ло Чельсо, 74), Кулусевски, Сарр (Перишич, 59), Сон Ҳён Мин, Ришарлисон (Ҳейбьерг, 60).
Огоҳлантиришлар: Келли (45), Биссума (53), Ришарлисон (54), Перишич (71).

Ҳарри Кейн кетганидан кейин кўпчилик «Тоттенҳэм»нинг имкониятларини паст баҳолаётганди, аммо «шпорлар» ҳозирча бунинг аксини кўрсатмоқда. Мавсум стартида «Брентфорд»га қарши қийин сафар ўйинидан очко олиб қайтган лондонликлар иккинчи турда «МЮ»ни мағлуб этишди, энди эса «Борнмут»га ҳам сафар ўйинида ҳеч қандай имконият қолдирмади. Дастлаб Саар рақиб жарима майдонига ёриб кирган Мэдисонни ажойиб пас билан таъминлади ва янги жамоасининг илк ўйинларидаёқ асосий футболчига айланган англиялик футболчи ҳисобни очди, иккинчи бўлимда эса жамоанинг янги етакчиларидан бири Удоджи бир ҳужум давомида икки бор майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпга осонлик билан етиб олди ва уч ҳимоячини доғда қолдирган ҳолда дарвозабон ҳудудида очилган Кулушевскини голли пас билан таъминлади. Натижада мағлубиятсиз давом этаётган «Тоттенҳэм» учинчи  турдан кейин турнир жадвали етакчилари сафида.

Арсенал – Фулҳэм 2:2
Голлар:
0:1 – 1 Перейра, 1:1 – 70, пенальти Сака, 2:1 – 72 Нкетиа, 2:2 – 87 Пальинья.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Салиба, Кивер, Эдегор (Жоржиньо, 84), Райс (Габриэл Жезус, 90), Ҳавертц (Фабиу Виейра, 56), Парти (Зинченко, 56), Сака, Троссард (Нкетиа, 46), Мартинелли.
Фулҳэм – Лено, Тете, Диоп, Басси, Робинсон, Перейра (Кэрни, 63), Лукич (Рид, 70), Пальинья, Уилсон (Траоре, 71), Декордова-Рид (Адарабиойо, 89), Хименес.
Четлатиш: Басси (83).

«Канонирлар» илк дақиқадаёқ рақибга гол совға қилишди. Аввалига Сака ортга берган пасга Андреас Перейра эгалик қилиб, у қадар хавфли бўлмаган зарба билан дарвозани ишғол қилди, бу ҳолатда олдинга чиқиб кетган Рамсдейл ортга қайтишда тойиб кетди. Мезбонлар биринчи бўлимда муносиб жавоб бера олишмади. Аниқроғи, барча ҳужумлар «Фулҳэм» мудофааси томонидан қайтарилди, Эдегорнинг голи эса офсайд туфайли бекор қилинди.

«Арсенал»нинг собиқ дарвозабони Лено дарвозасини фақат иккинчи бўлимда захирадан тушган Виейрага қўполлик учун белгиланган пеналтидан ишғол этишнинг имкони топилди. Бу вазиятда нуқтага яқинлашган Сака амалда ўз хатосини ювди. Ҳисоб тенглашганидан кейин қизил-оқлар куражни ушлашди ва Фабиу Виейра Нкетиага идеал пас берди. Бу вақтда меҳмонлар ҳакамга норозилик билдиришди, у Басси газонда ётганига қарамай ўйинни давом эттиришга рухсат берганди. Аммо баҳслашишдан наф бўлмади, Басси эса ўйин охиригача майдонда қола олмади, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб кетиши мумкин бўлган Нкетиани сўнгги умид фолини ишлатган ҳолда тўхтатган ҳимоячига иккинчи сариқ карточка кўрсатилди.

Вице-чемпионлар майдонида икки дақиқа ичида ўтказиб юборилган икки гол ва четлатиш — кафолатланган ҳукмдек кўринганди. Аммо «Фулҳэм» барчани ҳайрон қолдира олди. Бурчак зарбаси ижро этилганида бўш қолдирилган Жоау Палини ҳисобни тенглаштирди, қўшимча дақиқаларда эса, «Арсенал» тўлиқ жамоа бўлиб меҳмонлар жарима майдонини қамал қилган маҳалда қарши ҳужумга чиқиб кетган Адама Траоре фақат Рамсдейлнинг қаҳрамонлиги туфайли ғалаба голини ура олмади. Натижада Микел Артета жамоаси турнир жадвали пешқамига айланиш имкониятини йўқотди.

МЮ – Ноттингҳем Форест 3:2
Голлар:
0:1 – 2 Авонийи, 0:2 – 4 Боли, 1:2 – 17 Эриксен, 2:2 – 52 Каземиро, 3:2 – 76, пенальти Бруну Фернандеш.
МЮ – Онана, Уан-Биссака, Варан (Линделеф, 46), Мартинес, Диогу Далот, Эриксен, Каземиро, Бруну Фернандеш, Антони (Мактоминей, 85), Марсиял (Санчо, 60), Рэшфорд.
Ноттингҳем Форест – Тернер, Орье, Боли, Маккенна (Ниакате, 57), Уоррелл, Айна, Йейтс, Гиббс-Уайт, Данило (Эланга, 81), Джонсон (Куяте, 70), Авонийи (Вуд, 81).
Четлатиш: Уоррелл (67).

Шу куни бошқа бир фаворит ҳам ўйин стартида шок ҳолатини бошдан кечирди, «МЮ» тўрт дақиқа ичида ўз дарвозасидан икки гол олиб чиқди! Ҳисобни очувчи гол муаллифи Авонийи «Ноттингҳем»нинг АПЛда қаторасига етти ўйинда гол урган илк футболчиси бўлди. Аммо ҳисоб 0:2 ҳолатида «ўрмончилар» кутилганидек асосий эътиборни мудофаага қаратишди, лекин Эриксен Рэшфорднинг узатмасини дарвоза тўрига йўналтиришига қаршилик кўрсата олишмади.

Бу эпизодда Маркус голли узатмалар сони бўйича (38) Криштиану Роналдуга етиб олди, даниялик яримҳимоячининг АПЛдаги голлари сони эса «Тоттенҳэм»даги собиқ жамоадоши Бэйлникидан (54) кўпроқ. Аммо асосийси — «қизил иблислар» иккинчи бўлимда ташкиллаштирилган камбэк учун пойдевор қўйишди. Бруну Фернандеш аввалига бош билан дарвозабон қаршисида турган Каземирога пас берди, кейин эса Рэшфорд ишлаган пеналтини аниқ ижро этди.

Бу икки эпизод оралиғида арбитр «сўнгги умид фоли» учун Уорраллни майдондан четлатди. Сценарий «Арсенал» ўйинидагига ўхшаб кетарди, аммо Эрик тен Ҳаг жамоаси рақобатчисининг хатосини такрорламади. Бунда яқин бурчакка йўлланган ўта хавфли зарбани қайтарган Онананинг ҳам хизмати бўлди. Микел Артета жамоаси аввалига «Тоттенҳэм»ни қувиб ўта олмаганди, кейин Брайтонда ғалабага эришган «Вест Ҳэм»ни олдинга ўтказиб юборди, якшанба кунги ўйинлардан кейин («Манчестер Сити» ва «Ливерпул»нинг ўйинлари) тўртликни ҳам тарк этди.

Шеффилд Юнайтед — Манчестер Сити 1:2
Голлар:
Богл (85) — Ҳоланд (63), Родри (88). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоланд (37). 
Шеффилд Юнайтед – Фодерингэм, Болдок (Богл, 71), Робинсон, Иган, Ахмедҳожич, Осборн (Ларуси, 17), Норвуд (Башем, 80), Ҳамер, Винисиус, Траоре, Осула (Макберни, 71).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Аке, Диаш, Гвардиол, Ковачич (Фоден, 86), Грилиш, Силва, Родри, Ҳоланд, Альварес.
Огоҳлантиришлар: Болдок (45), Осула (59), Винисиус (77), Иган (83).

«МЮ» ва «Арсенал» ортидан «Манчестер Сити» ҳам бу тур ўйинида қийинчиликка дуч келди, лекин биринчи бўлимда Ҳоланд пеналтини аниқ ижро этганида Шеффилддаги ўйинда барчаси осон кечиши ҳам мумкин эди. Норвегиялик ҳужумчи иккинчи бўлимда ўйиндан гол урди, аммо унинг биргина голи муваффақият учун етарли бўлмаслиги мумкин эди.

Чемпионшипдан қайтган «Шеффилд Юнайтед» жавоб голини уришди ва «шаҳарликлар»ни сўнгги дақиқаларда Родрининг керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлиши очко йўқотишдан қутқариб қолди. Испаниялик яримҳимоячи баъзида исталган масофадан туриб дарвозани аниқ нишонга оладигандек туюлади, бу сафар эса жарима майдони ичидан туриб кучли зарба йўллади. Дарвозабонда бу зарбани қайтариш учун ҳеч қандай имкон йўқ эди ва «Сити» энди яккапешқадамга айланди.

Бу мавсумда фақат амалдаги чемпионлар очко йўқотмасдан давом этмоқда, Хосеп Гвардиола эса АПЛдаги ғалабалари сонини 200 тага етказди. Бу натижа учун унга 269 ўйин етарли бўлди, олдинги рекордчи Алекс Фергюсонга эса 322 ўйин талаб этилганди.

Клопп жамоасида тур ғалабаси, аммо унга саволлар кўп

Нюкасл — Ливерпул 1:2
Голлар:
Гордон (25) — Нунес (81, 90+3).
Нюкасл – Поуп, Триппер, Шер, Ботман (Таргетт, 87), Берн, Бруно Гимараэс, Тонали (Лонгстафф, 72), Алмирон, Жоэлинтон (Андерсон, 82), Гордон (Барнс, 72), Исак (Уилсон, 72).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип (Куанса, 77), ван Дейк, Робертсон, Эндо (Эллиотт, 58), Собослаи, Мак Аллистер (Нунес, 77), Салоҳ, Диас (Гомес, 33), Гакпо (Жота, 58).
Огоҳлантиришлар: Александер-Арнолд (6), Триппиер (51), Нунес (85).
Четлатиш: ван Дейк (28).

АПЛнинг учинчи турида «Ливерпул» «Нюкасл»га меҳмон бўлиб борди. Бугунги экзотик реаллик туфайли ўйин олдидан фаворит кимлигини аниқ айтиш қийин эди: Саудия Арабистони инвестициялари туфайли «қарғалар» ўтган мавсумда «Ливерпул»ни топ-4 дан чиқариб юборди ва Чемпионлар лигасида мерсисайдликлар ўрнини эгаллади.

Қизиллар эса, аксинча, 2022/23 йиллар кампаниясини кутилганидан анча ёмон ўтказишди. Юрген Клопп жамоаси таркибни янгилаш билан андармон бўлди ва кадрлар муаммосига учради — фақат баҳордаги ғалабали серия «Ливерпул»га асосий еврокубокда иштирок этувчи ўринларга яқинлашиш имконини берди, аммо жамоа тўртликка киришга улгурмади.

Мерсисайдликларнинг бу ёзги трансферлар ойнасидаги селекцияси ҳам кўплаб саволлар туғдирмоқда. Ёзнинг илк ойидаёқ Доминик Собослаи ва Алексис Макаллистер сафга қўшиб олинганди, аммо кейин клубни беш нафар яримҳимоячи тарк этди, жумладан Фабинио ва Жордан Ҳендерсон ҳам, уларсиз жамоада ёши 18 дан катта бўлган бирорта номинал таянч яримҳимоячиси қолмади.

Клуб асосий трансфер нишонларини шармандали тарзда «Челси»га бой берди — Клопп матбуот вакилларига «Ливерпул» Мойсес Кайседо трансфери бўйича «Брайтон» билан келишиб олганини айтганди, аммо эквадорлик таянч яримҳимоячиси мерсисайдликлар сафига ўтишдан бош тортди. Қизилларнинг унга муқобил варианти «Саутҳемптон» аъзоси Ромео Лавия эди, аммо у ҳам Лондонга йўл олди.

Кейин эса «Ливерпул» ғалати ишга қўл урди — таянч яримҳимоячи позициясини ёпиш учун ўтган мавсум якунларига кўра Бундеслигани тарк этишига бир бахя қолган «Штутгарт»дан 30 ёшли япониялик Ватару Эндо олиб келинди. «Борнмут»га қарши ўйинда у майдондан четлатилган Макаллистер ўрнини ёпиш учун мажбуран туширилганди, «қарғалар» билан ўйинда эса бошланғич таркибдан ўрин олди.

«Нюкасл» эса бир текисда таркибни кучайтиришда давом этди. Ҳужумнинг чап қанотига «Лестер»дан Ҳарви Барнс келди, ўнг қанот ҳимояси «Саутҳемптон»дан сотиб олинган Тино Ливраменто билан мустаҳкамланди, аммо жамоа учун ёздаги асосий трансфер Сандро Тонали бўлди. Италия миллий жамоасининг 23 ёшли яримҳимоячиси «қарғалар» ўзига сарфлаган 64 миллион еврони биринчи турданоқ оқлашга киришди - «Астон Вилла»га қарши ўйинда (5:1) бир гол уриб, бошқа голларда ҳам қатнашди. У АПЛдаги учинчи ўйинни ҳам бошланғич таркибда бошлади. «Нюкасл» «Ливерпул»ни 2015 йилдан буён енга олмаётганди — бу ўйин Эдди Ҳау жамоаси учун ўзига хос чақириқ эди.

Илк дақиқаларданоқ «Ливерпул» ўз ўйинини кўрсатишга киришди, аммо алоҳида эпизодларда футболчилар ортиқча асабийлашишди. Трент Александер-Арнолд «Эвертон» тарбияланувчиси Энтони Гордоннинг ортдан туртишидан кейин майдон ташқарисига чиқиб кетди ва жаҳл билан тўпни тепиб юборди, бунинг учун эса сариқ карточка олди, кейинги ўйин эпизодида эса майдондан четлатилиши ҳам мумкин эди. Ҳимоячи Гордоннинг олдинга ташланишини тўхтатиб қолгани учун иккинчи сариқ карточкани олиши керак эди, аммо «Сент-Жеймс Парк» трибуналаридаги мезбон мухлисларнинг эътирозларига қарамай, бош ҳакам оғзаки огоҳлантириш билан чекланди — Клопп эса ҳар эҳтимолга қарши Жо Гомесни чигалёзди машғулотлари учун юборди.

Бу ҳолат бутун ўйиннинг оҳангини белгилаб берди ва кейинги дақиқаларда майдонда комбинацияли футболдан кўра яккакурашлар кўпроқ бўлди. Жамоалар тўп билан эҳтиёткорона муносабатда бўлар ва прессинг остида шошилмасликка ҳаракат қилиб, тўпни орқа чизиққа ва ҳаттоки дарвозабонга қайтаришни маъқул кўришарди.

Биринчи бўлим ўрталарига келиб икки клуб футболчиларининг дарвоза соҳасига аниқ йўллаган зарбалари сони атиги учтани ташкил этарди. Тўп ҳадеганда майдон марказини кесиб ўтавермас, жамоалар барибир тўпни рақиб ҳудудига етказа олганида эса, тўпга эгалик қилаётган футболчи шерикларидан ажралиб қолган бўларди. 24-дақиқада Салоҳ ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олди ва марказга кўчиб, узоқ бурчакни нишонга олди, аммо мезбонлар дарвозабони Ник Поуп мисрлик футболчининг одатий ҳаракатига тайёр эди ва тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.

Бир дақиқа ўтиб эса Трентнинг Гордон билан қарама-қаршилиги такрорланди — унда яна «Эвертон»нинг собиқ футболчиси устун келди. Салоҳ ортга пас узатди, Трент эса қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни ўзига бўйсундира олмади. Энтони тўпни рақибидан олиб кетди ва бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланди — Алиссон тўпни оёқлари орасидан ўтказди, мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди.

Бундан 2 дақиқаю 20 сония ўтиб Клопп жамоаси янада оғир вазиятга тушиб қолди. Жамоа сардори Виржийл ван Дейк жарима майдонига кириш жойида Александр Исакни йиқитди — арбитр Жон Брукс буни сўнгги умид фоли деб баҳолаб, тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатган ҳолда нидерландиялик ҳимоячини дам олишга жўнатди. Қаттиқ хафа бўлган Виржийл захира арбитри билан ҳам жанжаллашди ва трибуналар ортига йўл олди. Жо Гомес машғулотларни эрта бошлагани бежиз эмасди — ҳимоячи Луис Диас ўрнига майдонга чиқди.

Бу воқеалардан сўнг жамоалар ўйини очила бошлади: «Ливерпул» олдинга ташланишга мажбур эди, аммо бир киши бўлиб ўйнаган «Нюкасл»нинг ҳужумлари кескинроқ чиқди. Бурчак зарбасидан кейин тўп Трентнинг бошидан Алмиронга келиб тушди ва у тўпга тўхтатмай зарба берди — Алиссоннинг сейвидан кейин тўп устунга бориб тегиб, дарвоза ичига кириб кетишига бир бахя қолди. Бўлим охирида қизиллар иккинчи голни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилиш билан машғул бўлишди.

Танаффус арафасида «Ливерпул» дарвозадан 40 метр масофадан жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлди — Собослаи жамоанинг иложсиз ҳолатини яққол намойиш этиб бериб, тўпни дарвоза тўсини устидан анча юқоридан ўтказиб тепди. Бундай масофадан жарима зарбалари устаси бўлган ушбу венгриялик футболчи ҳам гол уриши деярли имконсиз эди. Танаффусда Клопп ўзгаришлар қилмасликка қарор қилди.

Иккинчи бўлим биринчи бўлим охиридаги каби бошланди: мезбонлар кутилганидек сон жиҳатдан устунликка таянишди, меҳмонлар аҳён-аҳёндаги қарши ҳужумлар билан «Нюкасл» дарвозасига таҳдид солишга уринишди. Иккинчи бўлим бошланганидан озроқ вақт ўтиб Юрген барибир ўйинчиларни алмаштирди — Эндо ва Гакпо ўз ўринларини Харви Эллиотт ва Диогу Жотага бўшатиб берди, натижада мерсисайдликларнинг ҳужум салоҳияти бироз ошди, аммо камчилик ҳолатда янги футболчилардан ҳам у қадар фойда бўлмади.

Иккинчи бўлим ўрталарига келиб ўйин тенглашди. Скаузерлар олдинги чизиқда бўш ҳудудлар топишди ва бир неча хавфли ҳужумлар уюштиришди. Салоҳ рақиб жарима майдонининг чап қанотида тўпни эгаллаб, тўпни яқин бурчакка йўналтирди, аммо Поуп тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди. Вақт ўтган сари меҳмонларда вазиятлар кўпая борди. Мезбонлар дарвозабони мисрлик футболчига узатилган пасни эгаллаш учун жарима майдонини тарк этишига ҳам тўғри келди. Бунга Ҳау жамоаси Алмироннинг яна бир зарбаси билан жавоб қайтарди — мезбонлар қарши ҳужумга чиқиб кетишди ва парагвайлик футболчи дарвоза устунини нишонга олди.

Ўйин якунланишига 15 дақиқа қолганида Юрген сўнгги юришини амалга оширди — Дарвин Нунес ва 20 ёшли Жарелл Кванса майдонга ташланди, ёш футболчи учун бу АПЛдаги дебютга айланди. Иккиталик алмаштиришдан кўп ўтмай ўйин мантиғига зид келувчи эпизод рўй берди. Диогу Жота майдон марказида тўпга эга чиқиб, олдинга ташланган Нунесга пас берди. Тўпни Фабиан Шер тўхтатиб қолиши мумкин эди, аммо ҳимоячининг омади келмади — тўп орқадан келиб ҳимоячининг бел қисмига тегди ва йўналишини ўзгартирди, Дарвин эса тўпни эгаллаб олиб, олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ҳисоб тенглашди.

Финал ҳуштаги чалинишига яқин қолганида икки жамоа ҳам ғалабани илиб кетишга интилди, аммо рақиблар чарчаб қолгани сезилиб турарди: жамоалар ўз комбинацияларида уч-тўрт узатмадан кейин узоқ масофадан зарба беришга таянишди — лекин айтарли хавфли вазиятлар юзага келмади. Таргетт, Уилсон ва Барнснинг майдонга тушиши «Нюкасл»га олдинга ҳаракатланиш учун қўшимча куч берди, аммо янги футболчиларда ўйинга қўшилиб кетиш учун вақт етмади. Шон Лонгстафф узоқдан зарба берди ва яна бир вазиятда рақиб жарима майдонида яхши очилди, аммо Алиссонга жиддий муаммо туғдира олмади.

Ҳакам беш дақиқа қўшиб берди ва бу вақтнинг ярмига бориб дежавю рўй берди: Нунес икки ҳимоячи орасидан ўтиб олдинга ташланди, майдон марказида тўпни эгаллаб олган Салоҳ эса тўпни тезлик олган жамоадоши йўлига ташлаб берди. Тўп ҳимоячилар орасидан ўтди, Дарвин эса бундан ўн дақиқа олдин бўлгани каби тўпни Поуп ёнидан ерлатиб, яна узоқ бурчакка жойлаб қўйди. Шу куни Салоҳ жамоадаги сўнгги ўйинини ўтказиши ва кейин Саудия Арабистонига кетиши ҳақида кўп ёзишганди. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, мисрлик футболчи жамоа билан чиройли хайрлашди — у АПЛда қаторасига тўққизинчи ўйинда самарали ҳаракат қилди (гол ёки голли пас муаллифи бўлди).

«Ливерпул» ўйиннинг кўп қисмини бир киши кам бўлиб ўтказган ҳолда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижани адолатли деб айтиш қийин: қизиллар деярли бутун ўйин давомида рақиб ҳужумларини қайтариш билан шуғулланишди ва иккита вазиятдан фойдаланишди. «Қарғалар» xG бўйича 1,67 кўрсаткичини қайд этди, меҳмонларда эса бу атиги 0,73 ни ташкил этди. Албатта, Клопп ва футболчиларга энди бунинг фарқи йўқ: финал ҳуштаги чалинганидан сўнг улар ғалабани худди соврин қўлга киритгандек нишонлашди.

Аммо жамоа хурсандчилик қилишига ҳали эрта. Мерсисайдликлар муҳим футболчисини бир неча ўйинга йўқотди, қизилларнинг 90 дақиқа давомида кўрсатган футболи эса кўплаб саволлар туғдиради. Эдди Ҳау ҳам ҳали кўп иш қилиши керак — «қарғалар» яхшироқ ўйнашди, аммо кўпчилик ҳолатда рақибни узил-кесил таслим қилишга эриша олмади, ҳолбуки уларда бунинг учун етарлича имкониятлар бўлганди.

 

Мавзуга оид