Ўзбекистон | 07:45 / 08.09.2023
41825
6 дақиқада ўқилади

«Ёшлар дафтари»га киритилганлар учун 5 муҳим имтиёз маълум қилинди

Қонунчиликда “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун 25 га яқин имтиёзлар назарда тутилган. Hudud24 уларнинг айримларидан фойдаланиш ҳақида маълумот берди.

Фото: ЎзА

Бир марталик моддий ёрдам

“Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи оғир ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача (1 млн 320 минг сўмгача) моддий ёрдам берилади.

Моддий ёрдам олиш учун маҳалладаги ёшлар етакчисига ариза берилади. Ёшлар етакчиси 3 иш кунида ариза берган шахснинг ижтимоий ҳолатини ўрганади ҳамда моддий ёрдам бериш ёки рад этиш тўғрисида Васийлик кенгашига (туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими) хабар беради.

Моддий ёрдам “Халқ банки” орқали нақд ёки пластик картага берилади. Бир марталик моддий ёрдам олиш ёшларни “Ёшлар дафтари”дан чиқаришга асос бўлмайди. Моддий ёрдам бир йилда бир маротаба берилади.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқиш харажатлари қоплаб берилади

Ёшларнинг тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқиш харажатларининг 75 фоизигача қисми ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида тўлаб берилади.

Бунинг учун тадбиркорликка ёки касб-ҳунарга ўқишни истаган ёшлар туман (шаҳар) Ёшлар ишлари бўлимига ариза ҳамда ўқув курси шартномаси нусхасини беради. Шартномада таълим ташкилоти номи, СТИР, ўқув курси ёки касб-ҳунар номи, бир ойлик тўлов миқдори ва умумий муддат кўрсатилган бўлиши лозим.

Ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига кўриб чиқиш учун юборилади ва ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида ўқиш харажатларини қоплаш ҳақидаги тавсиянома бериш ёки рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимини хабардор қилади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт.

Ҳоким ёрдамчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин.

Ўқиш харажатларнинг 75 фоизигача қисми, бироқ қуйидаги миқдорлардан кўп бўлмаган ҳолда тўлаб берилади:

– бир ойгача бўлган курслар учун – БҲМнинг 4 бараваригача;
– бир ойдан 2 ойгача бўлган курслар учун – БҲМнинг 8 бараваригача;
– икки ойдан кўп муддатли курслари учун – БҲМнинг 12 бараваригача.

Ёшларнинг автомактабда ўқиш харажатлари қоплаб берилади

Ёшларнинг автомактабда ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 бараваригача (ҳозирда 1 млн 320 минг сўмгача) қисми қоплаб берилади.

Бунинг учун автомактабда ўқишни истаган ёшлар туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимига ариза ҳамда ўқув курси шартномаси нусхасини беради. Шартномада таълим ташкилоти номи, СТИР, ўқув курси ёки касб-ҳунар номи, бир ойлик тўлов миқдори ва умумий муддат кўрсатилган бўлиши лозим.

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин 3 иш кунида тегишли ёшлар етакчисига юборилади ва ёшлар етакчиси 5 иш кунида ўқиш харажатларини қоплаш ҳақидаги тавсиянома бериш ёки рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимини хабардор қилади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт.

Ҳоким ёрдамчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин. Ўқиш харажатини қоплаб бериш қаноатлантирилганда, пул ўқув марказининг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Деҳқончилик ва томорқа юритиш билан шуғулланаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидия берилади

Томорқаси бўлган ёки деҳқончилик қилаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида субсидия берилади.

Субсидия олиш учун ариза берувчи Ёшлар ишлари бўлимига ери борлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда уруғлик ва кўчатларни харид қилиш шартнома нусхасини тақдим этади. Ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига кўриб чиқиш учун юборилади.

Ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида ариза берувчининг деҳқончилик қиладиган ерига бориб уруғлик ва кўчат экишга шароит борлигини ўрганади. Ўрганиш натижасига кўра, пул ажратиш ҳақидаги тавсиянома бериш ёки рад этиш ҳақида Ёшлар ишлари бўлимини хабардор қилади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт. Пул ёшларнинг қўлига берилмайди, ажратилган пул уруғлик ва кўчат етказиб берувчи ташкилотга ўтказиб берилади.

Тадбиркорлик учун ижара харажатлари қоплаб берилади

Ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган ёшлар ўз фаолиятини олиб бораётган жойнинг йиллик ижара тўловининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида қоплаб берилади.

Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар Ёшлар ишлари бўлимига тақдим қилиниши керак: тадбиркорлик гувоҳномаси нусхаси ёки ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи QR-кодли маълумотнома; ижара шартномасининг солиқда ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришнома; ижара шартномаси нусхаси.

Ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига кўриб чиқиш учун юборилади. Ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида ижара шартномаси харажатларини қоплаш ёки рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимига хабар беради. Ариза рад этилса, у асослантирилган бўлиши лозим. Ариза қаноатлантирилган тақдирда, ойлик ижара пули ижарага берган шахс ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Мавзуга оид