Кумушконда II-VI асрларга оид қабр топилди
Тошкент вилояти Паркент тумани «Кумушкон» МФЙда ердан 50 сантиметр пастликда очилиб қолган ўтов шаклидаги бўшлиқдан тўққиз дона сопол идишлар топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари томонидан юқорида манзили кўрсатилган жой текширилганда, баландлиги 1,5–1,6 метр, диаметри 1,8–1,9 метр, ички шифти гумбаз шаклида бўлган ерости қурилмаси қадимий қабр қўрғони бўлгани аниқланган.
Қабрдан олинган сопол идишлар марҳумларни дафн этиш чоғида қабрнинг четларига қўйиб чиқилган бўлган. Уларнинг барчаси қўлда, яъни кулолчилик чархи ёрдамисиз ясалган. Идишларнинг устига қизғиш рангдаги суюқ ангоб (бўёқ) суртилган. Уларни ясашда лойига майда қум-тошлар, майдаланган оҳактошлар аралаштирилган.
Бу топилган идишларнинг уч донаси бир балдоғли кўза, бир донаси икки балдоғли тувак, икки донаси бир балдоғли қадаҳ (кружка), икки донаси коса ва бир донаси пиёла бўлиб, афтидан, уларга суюқлик қуйилиб, қабрга қўйилган.
«Афсуски, суюқликлар узоқ йиллар давомида парланиб йўқ бўлиб кетган. Фақатгина кўзалардан бирида сут қаймоғининг кукун шаклидаги қолдиқлари сақланган», дейилади хабарда.
Ўрганишларга асосланиб топилган қабр ва ундаги топилмалар II–VI асрларга тегишлилиги тахмин қилинмоқда.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024