Жамият | 13:52 / 12.09.2023
21234
8 дақиқада ўқилади

«Сағри тери тилсими» – тилакларига умрини алишган йигит фожиаси

Француз адиби Оноре де Балзак «Сағри тери тилсими» романи орқали китобхонларга пул-бойлик, мансаб, обрў, ўткинчи ҳиссиётлар, умуман, ҳеч нарса умрнинг қийматига тенг келмаслигини англатишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, инсоннинг хоҳишлари ҳеч қачон тугамаслиги, одам истакларини бутунлай жиловлай олишга қодир бўлолмаслигини кўрсатиб беради.

Сюжет:

Рафаэлни отаси қаттиққўллик билан тарбиялайди. Ёшликдан билим олишга йўналтирилган, тартибли турмуш тарзи билан улғайган бола тенгқурларига нисбатан одоб-ахлоқли, рисоладагидек фарзанд бўлиб етишади. Унинг отаси ўзига тўқ, бизнесмен одам эди. Аммо омадсизлик юз бериб, касодга учрайди ва вафот этади. Йигит ёлғизлик, камбағаллик домида қолади.

Уйини арзимас пулга сотади-да (мажбур бўлади), ўзи Годэн исмли хонимнинг кулбасида ижарага яшай бошлайди. Бу хонимнинг эри ҳарбий бўлиб, бедарак кетган, хоним унинг келишини интизорлик билан кутарди. Қизи Полина Рафаэлдан мусиқа ва турли фанларни ўргана бошлайди. Йигит бу қизни севиб қолмасликка қаттиқ тиришади. Сабаби унга бой, чиройли кийинган, аслзода аёллар ёқарди. Ва тинмай аристократлар орасига киришга уринарди.

Бир куни дўсти орқали шундай аслзода жамиятнинг аслзода аёли билан танишади ҳам. Унинг исми Феадора эди. 21-22 ёшли бу гўзал хоним атрофидагиларни шундай мафтун қилган эдики, ошиқлари кўпайиб кетганди. Аммо у ҳеч кимга майл билдирмас, турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас, севги изҳор этган йигитларни ўзидан узоқлаштириб, қийноққа солиб роҳатланарди. 

Рафаэл ҳам табиийки, Феадоранинг мана шу макр тўла тўрига илинади. Аёл йигитнинг идеалидагидек эди. Бир муддат борди-келдилардан сўнг Феадора йигит билан жиддий гаплашиб олмоқчилигини айтади ва учрашгач ўзини севиб қолгудек бўлса, қувиб солажагини маълум қилади. Ўйлаб юрган изҳор-у режалари чиппакка чиққан йигит бироз саросимага тушади-ю, аммо алоқалари дўстлик чегарасидан чиқмаслигига ваъда беришга ўзида куч топади.

Йигитнинг борган сари Феадорага ишқибозлиги ва қизиқиши ортиб боради. Бу аёл Рафаэлга жуда сирли кўринарди. Унинг ўтмиши, илгари турмушга чиққани ёки чиқмагани, бундан кейин турмуш қуриш режасида бор-йўқлигини ҳеч ким билмасди, билолмасди ҳам. Аёлнинг сирларини билиш мақсадида Рафаэл ҳаттоки бир кеча базм вақтида суюклисининг ётоғига яшириниб олади ва тонггача Феадоранинг нималар билан шуғулланишини яширинча кузатади. Аёлнинг ёлғиз қолганида ҳамма дардлари қалқиб чиқишига, тўшакка киргач «Эй Худойим-эй» дея, ҳасрат билан уйқуга кетишига гувоҳ бўлади. 

Йигит камбағаллиги сабаб Феадора билан учрашувларида қийин ҳолатларга тушиб қоларди. Бу нарса уни азобга соларди. Баъзан Полинадан қарз олиб туришга мажбур бўларди. Полина йигитга жон дили билан ёрдам беришга ошиқарди. Унинг ҳар бир ҳаракатида йигитга бўлган кучли муҳаббат акс этиб турарди. Бир кун йигит Феадора билан қаттиқ тортишиб қолди ва аёл Рафаэлнинг нафсониятига тегди. Бундан қаттиқ ранжиган йигит ҳиссиз севгилисини бутунлай тарк этади. Кетаётиб бой бўлиб кетишга аҳд қилади. 

Аммо тез орада йигит қаттиқ тушкунликка тушиб қолади. Ижара уйини ҳам тарк этиб, ўзини ўлдиришга қарор қилади. Жонига қасд қилгани кетаётиб, эски ва тарихий буюмлар дўконига кириб қолган йигит бир чол билан учрашиб қолади. Чол унга ғайритабиий тилсимни кўрсатади. Бу тилсим сағри тери бўлиб, унга хўжайинлик қилувчи зотнинг барча истакларини амалга оширишга қодир эди. Аммо битта шарт: истак бажарилгач тери қисқарарди. У билан биргаликда истак эгасининг ҳам ҳаёти камайиб борарди. Яъни ҳар бир истак умр эвазига бажо бўларди.

Ҳаётдан тўйиб турган Рафаэл ўйлаб ўтирмай бунга рози бўлади. Тилсим ишга тушгач йигитнинг биринчи истаги бой бўлиб кетиш бўлди. У шаҳарнинг энг бой одамига айланди. Аммо унинг беихтиёр кўнглидан ўтказган тилаклари ҳам амалга ошиб, тери қисқариб боравергач йигит саросимага туша бошлайди. Ҳаёти кўзига кўриниб кетгач, уйдан чиқмай ҳам қўяди.

Бир кун театрга борган йигит у ерда Феадорани кўради, аммо ҳеч нарса ҳис қилмаганига ҳайрон бўлади. Шу пайт йигитнинг ложасига соҳибжамол нотаниш қиз кириб ўтиради. Ҳамманинг кўзи шу паривашдалигини кўрган йигит ўгирилиб қараса, ёнида Полина ўтирганини кўради. Қувонч ва ҳаяжондан иккиси ҳам ўзида йўқ шод бўлишади. Полинанинг дадаси жуда катта бойлик билан қайтган, энди қизнинг оиласи аслзодалардек ҳаёт кечирарди. 

Тез орада йигит ҳам, қиз ҳам бир-бирини қанчалар қаттиқ севишини англаб етади ва оила қуришади. Турмушлари жуда тотли кеча бошлайди. Аммо йигитнинг умри тобора тугаб бормоқда эди. Бундан эса борган сари саросимага тушиб боришарди. Йигит умрини узайтириш учун ҳар турли йўлларни қўллаб кўрди. Афсуски, илм-фан ҳам, техника ҳам сағрига бас келолмади. Охир бориб йигитнинг умри битди...

Таҳлил:

Инсониятнинг одати шуки, кўпинча узоқларни кўзлайди-да оёғи остидаги бахтини кўрмайди. Бойликларга бўйлайди-да, самимий ҳисларни назарга илмайди. Дунё томон чопади-ю, умрнинг, вақтнинг қийматини ҳис қилмайди. Қаҳрамонимиз Рафаэл ҳам айни шундай ҳолатни бошдан кечирди ва энг қимматли саналмиш ҳаётини бой берди. 

Аслида у киборлар жамиятидан излаган бахт Полинанинг кўримсизгина кулбасида ортиғи билан топиларди. Йигит истаган чирой Полинада қалб гўзаллиги билан бирга мужассам, керак бўлса ортиқроқ ҳам эди. Йигитнинг бир лаҳзагина умри ҳар қандай дунёвий нарсалардан қадрлироқ эди. Аммо буларни Рафаэл ўз вақтида тушуниб етолмади.

Ўткинчи бир сатанг сабаб дунё кўзига қоронғи ва жирканч кўринди. Аслида ҳаёт эмас, у интилаётган жамият жирканч эканини сезолмади. Феадора асарда жамият тимсоли бўлиб келган. Жамият каби кибор, жамият каби худбин, жамият каби манман, жамият каби сохта...

Ўша чиркин жамият ўзига одамни қандай жалб қилиб, ботқоғига ботирса, Феадора ҳам эркакларни шундай тўрига илинтириб, ўзига мафтун қилади-да, кейин туфлаб отади. У шундан завқланади. Унга кишиларни боши берк кўчага олиб кириб қўйиш роҳат бағишлайди, куч беради.

Рафаэл ҳаётдан, Феадорадан аламзада бўлиб турган чоғда тириклик унинг учун сариқ-чақага арзимасдек туюлиб турганди. Шу сабабдан ҳам сағри тери тилсимининг шартларига ўйлаб ўтирмай рози бўлди. Бойлиг-у мартабагаям эришди. Аммо тобора сағрининг қисқара боришини кўриб, азоблана бошлади. Тушундики, ҳаётининг бир лаҳзасига ҳам бу ўткинчи ва жонсиз нарсалар арзимас экан. Инсоннинг бахтли бўлишига кўп нарса эмас, шунчаки соғлиқ, севган инсонинг ёнингда бўлиши ва атрофдагиларнинг самимий муносабати бўлса бас экан.

Асар одамзотнинг истаклари ҳеч қачон тугамаслиги, нафси тўймаслигини кўрсатиб берган. Рафаэл бир муддат одамлардан яшириниб ҳам юрди. Хонага қамалиб ўтирди. Чунки ташқарида хоҳиш-истаклар оғзини катта очиб йигитни ютишга, умр ипини батамом узишга тайёр турарди. Истакларини бошқаришга эса ожиз эди. Боиси нафсга кучи етмайди.

Истаклар қанчалик бўй чўзмасин, уларга эришиш учун умрни ҳадя қилиш эмас, осонлик билан келган бахтга умрни тиккандан кўра ҳалол меҳнат билан бахтга эришиш лозим.

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид