Ўзбекистон | 13:58 / 13.09.2023
11104
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон байроғи илк марта Осиёнинг энг баланд вулқонига олиб чиқилди

“Сирли Ўзбекистон” жамоаси вакиллари Шароф Эгамбердиев ва Шуҳрат Одилов Осиё қитъасидаги энг баланд вулқон чўққиси – Эрон шимолида жойлашган Демавенд чўққисини забт этиб, денгиз сатҳидан 5610 метр баландликда Ўзбекистон байроғини кўтаришди.

Фото: “Сирли Ўзбекистон” жамоаси

Дунёнинг энг баланд чўққиси бўлмиш Эверест Непалнинг, Килиманжаро эса Африканинг рамзи саналади, Эроннинг ташриф қоғози эса – Демавенд чўққисидир.

Алпинистлар бу ерга Kun.uz сайти логотипи туширилган байроқни ҳам олиб чиқишган.

Уйқудаги вулқон Мозандарон вилояти жанубида жойлашган. Денгиз сатҳидан 5610 метр баландликка чўзилган чўққи нафақат Эроннинг, балки бутун Яқин Шарқнинг энг баланд нуқтаси ҳисобланади.

Осиёдаги энг баланд вулқон бўлмиш Демавенд алпинистларнинг етти қитъадаги энг баланд вулқонларни ўз ичига олган “7 вулқон” номли мақсад-коллекциясига киради.

“Демавенднинг қор қоплаган, “осмонга таянч бўлиб турган” чўққиси ўнлаб километрлар масофадан кўриниб туради. Вулқоннинг отилиши охирги марта 7 минг йил рўй берган. Ҳозирда унинг ёнбағирларининг юқори қисми абадий музликлар билан қопланган бўлиб, чўққига яқин жойларда иссиқ водород сулфиди газларининг оқимлари чиқиб туради”, – дейди чўққини забт этган ўзбекистонлик алпинистлар.

Мавзуга оид