Жаҳон | 18:39 / 19.09.2023
7905
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ ковиднинг янги тўлқинидан огоҳлантирди ва барча мамлакатларни эмланишга чақирди

Сўнгги кунларда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилмоқда.

Фото: AP

Пандемиянинг тугаши расман май ойи бошида эълон қилинган бўлса-да, сентябр бошидан бери Қўшма Штатларда коронавирус билан касалланганлар сони тез ўсишда давом этди ва 2020 йил баҳорида деярли бутун мамлакат бўйлаб тарқалган биринчи тўлқин даражасига етди

АҚШ расмийларига кўра, 27 августдан 2 сентябргача бўлган ҳафтада шифохонага ётқизиш талаб қилинадиган беморлар сони деярли 9 фоизга ошган. Коронавирусга чалинган беморларнинг ўлим даражаси деярли 5 фоизга кўпайган.

Ковидни моделлаштириш бўйича етакчи экспертлардан бири Жей Вайланд ҳисоб-китоблари шуни кўрсатадики, 8 сентябрга келиб, Қўшма Штатларда коронавирус билан касалланганларнинг ҳақиқий сони ҳар куни тахминан 720 мингга кўпайган. Бу шуни англатадики, ҳозир Қўшма Штатларда аҳолининг деярли 2 фоизи инфекцияланган. Совуқ мавсум ҳали олдинда экани инобатга олинса, касалланганлар сони янада ошиши мумкин. 

Беморлар сонининг кўпайиши ва оғир ҳолатларнинг тез-тез учраб туриши ҳақидаги хавотирли хабарлар фақат Қўшма Штатлардан келмаяпти, деди ўтган ҳафта ЖССТ пандемияга қарши кураш учун масъул Мария Ван Керхове. Унинг фикрига кўра, бошқа мамлакатлар ҳам воқеаларнинг тахминан шундай ривожланишига тайёргарлик кўриши керак.

ЖССТ такрорий эмланиш реанимацияга тушишдан (ва умуман касалликнинг оғир кечишидан) яхшироқ ҳимоя қилишини тинимсиз такрорламоқда. Қайта эмланиш, айниқса, у ёки бу сабабларга кўра хавф остида бўлганлар учун тавсия этилади.

Бундан ташқари, мутахассислар таъкидлаганидек, янги, мослаштирилган вакцинани кутиш мутлақо шарт эмас. ЖССТ томонидан тасдиқланган ҳар қандай дори зарур ҳимояни таъминлайди. Қайта эмланиш нафақат катталар, балки болалар, жумладан, мактабгача ёшдаги болалар учун ҳам тавсия этилади. 

Мавзуга оид