Ўзбекистон | 23:26 / 19.09.2023
20197
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси мажлисида қатнашмаётган уч депутат номидан овоз берилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 19 сентябр кунги ялпи мажлисида иштирок этмаётган уч нафар депутат номидан икки марта овоз берилгани маълум бўлди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Мажлис бошида спикер Нурдинжон Исмоилов мажлисда иштирок этувчи сифатида 112 нафар депутат рўйхатдан ўтгани, улардан 103 нафари Қонунчилик палатасининг Тошкентдаги биносида, 9 нафари эса масофадан – 3 нафари Қашқадарё вилояти ва 6 нафари Хоразм вилоятининг Хазорасп туманидан қатнашаётганини айтиб ўтди.

Мажлис кун тартиби овозга қўйилганида, Хоразм вилоятидаги масъул шахс у ердаги 6 депутатнинг барчаси таклиф этилган кун тартибини ёқлаб овоз берганини айтди.

Ялпи мажлисда биринчи бўлиб кўриб чиқилган қонун лойиҳаси – 13 та қонун ва 1 та кодексдаги қўмиталар ва инспекцияларнинг номларини маъмурий ислоҳот пайтида ўзгарган номларга алмаштиришга оид бўлди. Хусусан, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган республика ижро этувчи ҳокимияти органи экани қонунларда кўрсатиб ўтилмоқда.

Қонун лойиҳасига биринчи ўқишдан кейинги овоз беришда Хоразм вилоятидаги масъул яна у ердаги 6 депутатнинг барчаси қонунни қабул қилишга рози эканини айтди. Палата спикери Нурдинжон Исмоилов эса студияда “нимагадир олтита депутат кўринмаётгани”ни айтди. Шундан кейинги диалог қуйидагича кечди:

— Ҳурматли спикер, ҳозир учтаси етиб келяпти...

— Унақа деманглар. Борини айтинглар. Яримтага камайтиринг унда. Унақа бўлмайди.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишдан кейин овозга қўйилганида Хоразм вилоятидан 3 нафар депутат лойиҳани ёқлаб овоз бергани қайд этилди.

Мавзуга оид