Жаҳон | 16:27 / 22.09.2023
31218
6 дақиқада ўқилади

Қора денгиз флоти штабига ракета зарбаси йўлланди. Асосий маълумотлар

Аннексия қилинган Қримдаги Севастопол шаҳри раҳбари Қора денгиз флоти штабига ракета зарбаси берилганини маълум қилди. Шаҳарга ҳужумлар мунтазам тус олмоқда, ўтган ҳафтада ҳарбий кемалар таъмирланадиган завод ҳужумга учраганди.

Фото: Sota

22 сентябр куни РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги штаби ракета зарбасига йўлиқди, деб хабар берди аннексия қилинган Севастопол раҳбари Михаил Развожаев. У ракета зарбасида Украина қуролли кучларини айблаган. Зарбадан кейин штаб биносида ёнғин бошланган. Маҳаллий аҳоли шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлагани ҳақида хабар берган. РФ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами бешта ракетани уриб туширган. Развожаевнинг сўзларига кўра, уриб туширилган ракета парчаларидан бири Нахимов проспектидаги Луначарский театри атрофига тушган. ТАСС ёзишича, парчалар юзлаб метрга сочилиб кетган.

Севастопол раҳбари аввалига такрорий ракета зарбаси бўлиши мумкинлигини айтганди, аммо соат 14:15 атрофида ракета ва авиация хавфи ариганини маълум қилди. Развожаев аҳолидан шаҳар марказига келишдан тийилишни сўраган.

Қора денгиз флоти штаби биноси жиддий шикастланган. Воқеа жойида олинган фотосуратларда кўриш мумкинки, штаб биноси томи ва камида юқори қаватлардан камида биттаси вайрон бўлган. Михаил Развожаев флот штаби атрофидаги инфратузилмалар шикастланмагани, кўчада бўлган одамлар жабрланмаганини айтган. «Ҳатто дераза ойналари синиши қайд этилмаган», — деган Севастопол раҳбари.

РФ мудофаа вазирлигига кўра, ракета зарбаси оқибатида россиялик бир ҳарбий бедарак йўқолган. Вазирлик ҳужумда «Киев режими»ни айблаган. «Ҳужум оқибатида Қора денгиз флоти штабининг тарихий биноси шикастланган», — дейилган идора хабарида. «112» ва Shot телеграм-каналлари дастлабки маълумотларга кўра, олти киши жароҳатланганини ёзган. Бошқа манбалар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Аннексия қилинган Севастопол соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганлар ҳақидаги маълумот бўйича изоҳ бермаган. Гувоҳларнинг айтишича, воқеа жойига камида ўнта тез ёрдам машинаси етиб келганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, РФ Қора денгиз флоти штабига Storm Shadow қанотли ракетаси келиб урилган, деб хабар беради Mash ва Shot телеграм-каналлари. Mash маълумотига кўра, Севастопол бўйлаб ракета ҳужуми вақтида Қора денгиз осмонида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing P-8A «Посейдон» разведка самолёти ҳаракатланган ва катта эҳтимол билан айнан шу самолётдан туриб Украина қуролли кучлари ҳаракатлари мувофиқлаштирилган.

Севастополга ҳужум билан бир вақтда Қрим ҳудуди ҳам ракета зарбаси остида қолган. Бу ҳақда аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов маълум қилган. «Қрим Республикаси устида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қанотлие ракеталарни уриб туширди», — дея хабар берган у. Телеграм-каналлар ёзишича, Боғчасаройда ҳарбий қисм жойлашган ҳудудда осмонга тутун устуни кўтарилган. Аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков буни «фейк» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Боғчасарой атрофида ракета уриб туширилган, унинг парчалари тушиши оқибатида ўт-ўланлар ёнган. Шу билан вақт вақтда Қрим кўприги бўйлаб ҳаракатланиш бир соатдан ортиқ вақт давомида ёпиб қўйилди.

Украина реакцияси

Киев Қора денгиз флоти штаби бўйлаб берилган ракета зарбаси ҳақидаги хабарларни изоҳламаган. Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак ҳужум ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган вақтда телеграм-каналида «War Machine» гуруҳининг AC/DC трекини жойлаштирган.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук Севастополга зарба учун украин учувчиларига миннатдорчилик билдирган.

«Биз ахир „давоми бўлиши…“ни айтгандикку. Мелитополдаги оккупантлар эндигина ўзига келаётган маҳалда, Севастополда ҳалигача ҳаво тревогаси сигналлари тинмаяпти, бунинг учун Ҳаво кучлари учувчиларига миннатдорчилик билдираман! Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кейинги сафар ҳам бизни уялтирмаслигига умид қиламан», — деган Олешчук телеграмда.

2022 йил 31 июл куни ҳам Севастополдаги Қора денгиз флоти штаби ҳужумга йўлиққанди. Ўшанда Развожаев флот штаби ҳовлисига дрон келиб урилгани, штабнинг камида беш нафар ходими яраланганини айтганди.

Аннексия қилинган Қрим расмийлари бу кузда мунтазам равишда ҳам ракета зарбалари, ҳам дрон ҳужумлари ҳақида хабар бериб келмоқда, жумладан, Севастополга, бу ерда Қора денгиз флоти штабидан ташқари ҳарбий аэродромлар ва бошқа ҳарбий объектлар жойлашган.

Икки кун муқаддам Развожаев ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Севастополга ракета ҳужумини қайтаргани ҳақида хабар берганди. Украина нашрлари эса мамлакат хавфсизлик хизматига ҳавола берган ҳолда, 20 сентябр тонгида Қора денгиз флотининг Севастопол яқинидаги қўмондонлик пунктига зарба берилгани ҳақида ёзганди.

Ўтган ҳафтада, 13 сентябр куни, Севастополнинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти шаҳарда жойлашган Севастопол денгиз заводига ҳужум уюштирилганини тасдиқлаганди.

Ўшанда РФ мудофаа вазирлиги иккита ҳарбий кема шикастлангани ҳақида хабар бериш билан чекланганди, тадқиқотчи журналистлар эса кейинроқ докда турган сувости кемаси жиддий даражада шикастлангани акс этган фотосуратларни намойиш этганди. Уларнинг тасдиқлашича, бу «Варшавянка» лойиҳасининг «Ростов-на-Дону» номли дизел-электр сувости кемаси эди. У 2014 йилда сувга туширилган ва Суриядаги ҳарбий амалиётда иштирок этган.

Украина ҳукумати яриморолдаги объектларни легитим ҳарбий нишонлар сифатида белгилаган.

Мавзуга оид