«Яхши ва диққатли тингловчи эканлар» – АҚШдаги ўзбекистонлик иқтисодчилар Шавкат Мирзиёев ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга қилган сафарида мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Ушбу учрашувда иқтисодчилар Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ҳамда Висконсин университети катта илмий ходими Беҳзод Ҳошимов ҳам қатнашди ва президент билан суҳбатда бўлди. Улар навбатдаги подкастида давлат раҳбари билан бўлган суҳбат тафсилотларини маълум қилди.
Ботир Қобилов: — Ташриф доирасида АҚШда яшовчи ўзбекистонликлар билан учрашув бўлиб ўтди ва бизни ҳам чақиришди. Бундан мамнун бўлдик, албатта. Таассуротлар кўп. Йиғилганлар ва президентимиз ўртасида суҳбат анча яқин ва самимий бўлди.
Беҳзод Ҳошимов: — Учрашув бўлишини эшитиб, ўзим учун нутқ тайёрладим, анча узун бўлди. Бунча гапни гапиришга имкон бўладими, йўқми деб иккиланиб бордик.
Учрашув аввалида президент барча билан қўл бериб сўрашиб чиқди. Мен билан ҳам кўришиб, кузатиб, ўқиб боришларини айтди. Мен учун сюрприз бўлди бу. Қисқа маърузадан кейин ватандошларимизнинг фикрлари эшитилди. Менга ҳам сўз берилди. Иқтисодчи бўлганим учун иқтисодиёт ҳақида гапирдим. Мени кўп ўйлантирадиган нарса Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлиги. Иқтисодий ривожланиш бошқа ижтимоий муаммоларни ечишнинг биринчи йўли.
Нутқимда Ўзбекистон 1991 йилда киши бошига 654 доллар ўртача даромад тўғри келган бўлса, ҳозир 2200 доллар тўғри келишини айтдим. 30 йил ичида биз қанчалик ривожланишга эришдик ва бошқа давлатлар, жумладан, Хитой, Ветнам, Полша каби давлатлар муваффақиятлироқ иқтисодий кўрсаткичлар тарихи ҳақида гаплашдик. Бу ўсишларнинг сабаблари, йўналишлари келтирилди. Бу маълумотлардан кейин Ўзбекистонда ислоҳот қилинаётган ва чуқурроқ ислоҳот қилиниши керак бўлган 5 та соҳа ҳақида гапирдим. Биринчиси — ҳуқуқий муҳит, яъни адолатли ва шаффоф бўлган суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими, бу — энг муҳим нарса. Иккинчиси — Ўзбекистон дунё бозорига кириш учун эркин савдо муҳитига эга бўлиши, ЖСТга аъзо бўлиш, бюрократик ва бошқа тўсиқлар олиниши керак. Учинчиси — эркин капитал мавжуд бўлиши, корхоналарни капитал таъминлаш керак ва бу ҳам ҳуқуқий муҳитга бориб тақалади. Тўртинчиси — инфратузилма, яъни сув, электр, газ каби биринчи даражали ифратузилма барқарорлиги, бунинг учун эса хусусийлаштириш, инвестиция киритиш керак бўлади. Бешинчиси — илм-фанга давлат томонидан инвестиция киритиш.
Президентнинг ўзи ҳам ЯИМнинг 1 фоиздан ҳам ками илм-фанга йўналтирилишини айтди. Фикрларимнинг ҳар бир бандига президентимиз ўз муносабатларини билдирди. Қайси пунктларда прогресс кам ёки кўплигини сўради, иқтисодий ўсишга тўсиқлар ҳақида айтилди. Чуқур ва бафуржа фикр алмашдик. Нутқим давомида президентимиз муҳим жойларини ўринларидан туриб, яқинроқ келиб эшитди. Шунча узун нутқдаги рақамларни эслаб қолиб, муҳокама қилди. Мана шундай мулоқот менга некбин ҳислар берди. Эксперт-олим дўстларимиз билан қўлдан келганча ёрдам беришизни айтиб ўтдим. Ватанимизга хизмат қилиш — шараф ва мажбурият.
Ботир Қобилов: — Президент мен билан суҳбатда ҳам ёнимга келиб туриб суҳбатлашди. Диққат билан тинглади ва ичларингдаги дардларингни айтинглар, деди. Умуман, суҳбат анча узоқ бўлди. Биз билан суҳбатдан олдин ҳам анча расмий учрашувларда бўлган, лекин шунга қарамасдан, вақтларини аямади, хурсанд бўлдим бундан.
Капитал масаласи кўтарилди, президентнинг ўзи ҳам нутқида бу ҳақида гапириб, капитал биз учун муҳим, деб таъкидлади. АҚШга келишдан асосий мақсадлардан бири ҳам инвестиция жалб қилиш. Бизнинг бойлик фақат пахта эмас, деб айтиб ўтди.
Баъзи кадрларнинг четга чиқиш кетиши масаласи ҳақида гап кетганда, шуни айтдимки, чет давлатларда ҳам билимли ўзбекистонликлар кўпайса, Ўзбекистонга фойдаси тегади, дедим. Президент ҳам гапларимни тасдиқлади ва сизлардан фахрланамиз, деди. Ўзимизнинг тажриба-малакамиздан келиб чиқиб, экспертизик хулосалар, тадқиқ ишлари беришимиз мумкинлигини билдирдим. Суҳбат жонли ва самимий бўлгани учун жуда бир соғлом муҳит бўлди.
Ўзбекистон бозор иқтисодиётига тайёр эмас, деган гаплар бўлади, бундан хафа бўламан, бу нотўғри фикр, деб айтдим. Одамларга рағбатлантириш тизимини тўғри яратиш керак. Президентнинг ўзи ҳам бизнинг энг катта бойлигимиз одамлар деб айтиб ўтди.
Нархлар масаласида гап кетганда, президентимиз ҳам нарх жуда муҳим эканини айтди. Суҳбатлашиш жараёнида тез-тез фикр сўраб, аниқлаштирувчи саволлар бериб турди.
Беҳзод Ҳошимов: — Нутқим узун бўлишига қарамасдан, жуда диққат билан тинглади ва ҳар бир бандни муҳокама қилдик. Жуда яхши тингловчи эканлар. Менга таъсир қилгани шу бўлдики, ниҳоятда очиқ ва самимий эканлар президентимиз. Олдин бу ҳақида кўп эшитганман, лекин ўзим билан бўлгани бошқача бўлди. Президент ҳам, мен ҳам иқтисодий ривожланиш ҳақида қайғуришимиз, мақсадлар муштараклиги ўзгача ҳис берди ва суҳбат самимий бўлди.
Ботир Қобилов: — Ростдан ҳам яхши ва диққатли тингловчи эканлар. Биздан бошқа суҳбатлашган ватандошларимизни ҳам тинглаб, масалалар амалий кўрсатмалар берди.
Учрашув якунида бирга суратга тушдик. Сўнг охирда ҳам қўлимни сиқиб, ўзингизни эҳтиёт қилинг, деди. Шундай мутахассис йигитларимиз борлигидан фахланаман, деб руҳлантириб қўйди ҳам.
Беҳзод Ҳошимов: — Яна бир эсда қоларди бир ҳолат бўлди. Президентга қизим бизнинг шаҳарга таклиф қилаётганини, лекин боролмасликларини тушунишимни айтдим ва қизимга нима деб қўяй, деб сўрадим. Шунда «Қизингизга айтингки, Ўзбекистон президенти унинг отаси билан фахрланади» деди. Жуда бир ҳаяжонли бўлди. Бундан ташқари, мен таржима қилиб, муҳаррирлик қилган китобни ҳам ўқиган экан, бу ҳам мен учун ҳаяжонли янгилик бўлди.
Ботир Қобилов: — Суҳбатдан олдин режалаштирилган гаплардан ташқари ҳам анча фикр алмашинувлар бўлди. Учрашувга келишда қандай бўларкан деб келгандим, кутувларимдан анча яхши бўлди. Дардимни айтиб олишга имкон бўлди, десаям бўлади. Бирга юрган масъулларга бу одамларнинг фикрларини олинглар, онлайн суҳбатлар ташкил қилинглар деб айтиб ўтди.
Беҳзод Ҳошимов: — Президент топшириқ бердики, яқин кунларда бир платформа яратиб, ўша доирада ҳукумат қилаётган ислоҳотларга фикрлар бериб, таҳлиллар қилиб боришимизни. Ҳозир шу платформани яратиш ҳақида ўйлаяпман. Шу ерда туриб ўз ҳиссангизни қўшсангиз, деб таклиф берди, бу катта шараф бўлишини айтдим мен ҳам. Ана энди шу платформа бўйича хат билан чиқиш қолди. Ҳали бошқалардан ҳам таклиф оламиз бу бўйича.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024