Жамият | 14:01 / 28.09.2023
27750
2 дақиқада ўқилади
Реклама

Самарқанд вилоятида йирик цемент заводи ишга туширилди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Янгиҳаёт массивида йирик саноат объекти – йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга “HENGYUAN CEMENT” хорижий корхонаси ишга туширилди.

Айни пайтда бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёдаги йирик цемент ишлаб чиқариш линиясидир.

Лойиҳа 351 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилди. Инвестор Хитойнинг ENERGY CHINA энергетика муҳандислик гуруҳи эди.

Лойиҳа учта кенг кўламли вазифани – Ўзбекистон қурилиш индустриясини зарур маҳсулотлар билан тўлдириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашни ҳал этади.

38,5 гектар майдонда барпо этилган мазкур иншоотга Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Кунига 7,5 тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Заводнинг йиллик экспорт қуввати 82 миллион долларни ташкил этади. Маҳсулотнинг 30 фоизи Европа ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Ишлаб чиқаришда Каттақўрғон, Нуробод ва Нарпай туманларидаги карерлардан қазиб олинган маҳаллий хомашёдан фойдаланилади.

Заводда цемент ишлаб чиқариш тўлиқ кўмир ёқиш ҳисобига амалга оширилади. Бу энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу усул билан атроф-муҳитга салбий таъсир минимал бўлади. Атмосферага чиқиндиларнинг олдини олиш учун кўп даражали фильтр ўрнатилган.

Корхонанинг тўлиқ қувватда ва узлуксиз ишлаши учун қулай инфратузилма яратилди. Заводдан карерларга 2,5 километрдан ортиқ электр тармоқлари тортилиб, 10 километрлик йўл қурилди.

Янги корхона ишга туширилиши билан асосан Самарқанд вилоятининг яқин туманлари аҳолиси учун 600 та янги иш ўрни яратилди. Завод ишчилари учун муассаса ёнида ётоқхона, спорт майдончалари, маданият уйи қурилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид