Ўзбекистон | 12:29 / 27.08.2024
8271
2 дақиқада ўқилади

Инсофсиз рақобатда айбланган цемент заводи 4,9 млрд сўм жаримага тортилди

«Shangfeng-Bridge of Friendship» қўшма корхонаси ўзи ишлаб чиқарган цемент маҳсулотини биржадан ташқари тўғридан тўғри реализация қилгани, бошқа ишлаб чиқарувчиларга нисбатан инсофсиз рақобат (демпинг ҳаракатлари) содир этгани учун 4,9 млрд сўм жаримага тортилди.

Фото: stat.uz

Цемент ишлаб чиқарувчи «Shangfeng-Bridge of Friendship» МЧЖ бошқа ишлаб чиқарувчиларга нисбатан инсофсиз рақобат содир этган деб топилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар қилмоқда.

Ишни кўриб чиқиш натижасида қуйидагилар аниқланган:

  • 2024 йилнинг март-июл ойларида биржа савдолари орқали сотилиши керак бўлган жами 122,7 минг тонна цемент маҳсулоти белгиланган талабларга зид равишда корхона томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган;
  • жами 2,7 минг тонна цемент маҳсулоти ўртача ҳисобланган биржа котировкасидан юқори нархларда тўғридан-тўғри реализация қилингани натижасида 81,1 млн сўм асоссиз равишда даромад олинган ва бошқа цемент ишлаб чиқарувчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни (демпинг ҳаракатлари) содир этган.

Шу сабабли Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан «Shangfeng-Bridge of Friendship» МЧЖ 4,9 млрд сўм миқдорда молиявий жаримага тортилган. 

МЧЖ томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги (цемент) маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномаларга асосан реализация қилишда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини ҳисоблаш бўйича тўпланган ҳужжатлар солиқ органига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси бу завод устидан текширувни бошқа заводларнинг шикоятидан кейин бошлаган эди. Рақобатчилар бу корхонани таннархдан паст нархларда цемент сотаётганликда айблаган эди.

Мавзуга оид