Ўзбекистон | 16:27 / 28.09.2023
6969
8 дақиқада ўқилади

«Ултонтоз» – замонавий манқуртлар ҳақида роман

Истеъдодли ёзувчи Олим Тошбоевнинг «Ултонтоз» асарида мустамлакачилар бостириб келгани, ўлка Алпомишлари банди қилинган чоғда юрт «ултонтозлар»ларга қолиб кетгани ва уларнинг амалдаги жирканчликлари ҳақида сўз боради. Ёзувчи асар номини жуда устомонлик билан танлаган. Ултонтоз сўзининг ҳар икки маъноси ҳам асар сарлавҳаси ва маъносига бағоятда мос тушади. Романдаги кимсалар тагчармдек пасткаш ва замонавий манқурт шахслардир.

«Алпомиш» – ўзбек халқ оғзаки ижодининг бебаҳо дурдонаси. Мард, танти йигитларимизни Алпомишга менгзаймиз. Унинг рақиби Ултонтоз эса пасткаш, сотқин ва разил кимса. Алпомишнинг ўзига бас келолмайди-ю, аммо у йўқлигидан фойдаланиб истаган пасткашлигини амалга ошираверади. Иши – макр, айёрлик!

«Ултон» сўзи «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да тагчарм маъносини билдириши қайд этилган. Яна бир қанча манбаларда унинг «манқурт» маъносига ҳам дуч келамиз. Умуман олганда, биринчи маъно «Алпомиш» достонидаги Ултонтознинг феъл-атворига жуда мос. Ултонтоздек пасткаш, ярамас инсонлар ҳар доим, ҳар замонда мавжуд бўлиб келган.

«Ултонтоз» романи воқеалари ҳам Асқартоғ, Муродтепа сингари достонда тилга олинган жойларда бўлиб ўтади. Бунда ҳам ўзига хос рамзийлик бор. Асарда икки давр, икки авлод тўғрисида гап боради. Биринчи давр амирлик замони тугатилиб, мустамлакачилар энди кириб келган, халқни ҳам ўзларига кўниктира бошлаган, Қулли Чилтанов, Асранқул Овулов, Кафилбек, Бектемир Жовмаев, Бегона Ўзбековна, Қайнар кабиларни ўз томонига оғдириб, сиёсатларини айнан шу шахслар орқали юритади. Бу жудаям пухта ўйланган режа эди. Яъни болтанинг сопини ўзидан чиқариш...

Қайнар Умар юзбошининг қизи бўлиб, отаси вафотидан сўнг қизиллар ҳукуматига хизмат қила бошлайди. Унинг акаси Кураш эса аксинча, бу ҳукуматни душман санаб, қарши курашади. Кураш ва унинг сафдошлари енгилгач Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади. Чунки мустамлакачилар халқни ичдан емириб улгурган, отани болага, акани укага қарши қайраб, душманга айлантирганди. 

Қайнар аҳолини динсизлаштириш, бойларни қўлга тушириш сиёсатига бошчилик қилади. Аммо доим дилида қилаётган ишидан иккиланиш, аросат ғавғо кўтариб қоларди. У уч бор турмуш қуради, аммо ҳаёти ҳеч ўхшамайди. Ўша пайт ҳукуматга содиқлигини билдириш мақсадида ўғлига ҳам Рево дея исм қўяди. Қайнар ва унинг касбдошлари динга ва бойларга қарши курашиш йўлида кўп шафқатсизликлар қилади, анчагина одамларнинг ҳаётига зомин бўлади. 

Бегона Ўзбековна аҳоли томонидан қулоқ-бурни кесилиб, вафот этади, масжиднинг бузилишида бош бўлган Асранқул Овулов тошбўрон қилинади, Кафилбекни «бўрилар» еб кетади, Қайнар эса давр алмашган сари қадрсизлашади. У маккор, буқаламун ҳукуматнинг оғусига учганидан афсусланади. Акаси Кураш, Ойтувған, Ёмғир сингари элнинг асл фарзандлари чет элларда ватани озодлиги учун ҳаракат қилиб, Ултонтозлар қочгач қайтиб келади. Қайнар акасидан кечирим сўрайди. Мусофирлар ватанининг тупроғига қадам қўйиб, туғилиб ўсган ерларини зиёрат қилиб, хотиржам вафот этади...

Китобнинг иккинчи қисмида энди қаҳрамонлар биринчи авлоднинг давомчилари: Кўчкин Асранқулович, Бодом Замоновна, Барака Бўрон, Ёвқочди сингари ҳукумат дастаклари. Уларнинг фаолиятлари биринчи авлодникичалик қийин ва хавфли бўлмайди. Чунки халқ ҳам мустамлакачи ҳукуматнинг сиёсатига анча мослашиб ювошлашган, қўпол қилиб айтганда, «қўй»лашганди. Иккинчи даврда худосизликка ва Ленин ҳамда Сталинни дохийлаштиришга, тил, ёзув масалаларига кўпроқ урғу берилган. 

Бундан ташқари, иккинчи авлод даврида Алпомишлар ҳам пайдо бўла бошлаганини, миллати, она тили, асосийси, эрки учун курашишга жасорат топган Шердор, Тонготаров, Ойлар сингари образларни ҳам учратиш мумкин. 

Кўчкин Асранқулович ўта қув, айёр ва шафқатсиз одам. Ҳеч кимга ишонмайди. Иккиюзламачилик билан тилида халқ манфаати дегани билан дилида у учун халқнинг сариқчақалик аҳамияти йўқ. Мактаб директори Қўйли Тонготаров ёзув борасида халқ учун яхши, аммо сиёсат мафкурасига зид ғояни илгари суриб чиққан вақт яхши муомала қилиб, ўзини «ҳомий» кўрсатиб, орқадан директорга ит кунини кўрсатгани ҳам унинг иккиюзламачилигидан дарак.

Бодом Замоновна раҳмсиз ва совуқ маъбуда. Унга Худо тушунчаси бутунлай ёт. Қайнарнинг ҳақиқий издоши. Унда аёлларга хос кўнгилчанлик, раҳм каби самимий туйғулар йўқ. У эски қабристонни буздириб, ўрнига хиёбон қурдиради. Бу билан у учун қадриятлар, марҳумлар ҳурмати каби англамлар ҳам бегона. Унинг битта Худоси бор – ҳукумат! 

Барака Бўрон журналист. Доимий аросатда юради. Яқин дўсти Кўчкин Асранқуловичнинг ҳаракатларидан норози. Аммо оқимга қарши сузишга журъат этолмайди. Ичидаги қимматли мулоҳазаларини сиртига чиқаришга жасорати етмайди. Аммо бундай сиёсатнинг оқибати яхши бўлмаслигига, бу ҳаракатларнинг турган-битгани адолатсизлик эканлигига ақли етиб туради. Оқимга қарши сузолмагани оқибатида отасини жанозасиз кўмдиришга мажбур бўлади. Ўзининг энг катта ютқизиғи ҳам шунда деб билади...

Шердор Ултонтозлар орасида кичик Алпомишдек эди. У ажойиб феъл-атворга эга. Чўрткесар, жасоратли йигит. «Алпомишни излаб...» номли илмий иш ёзишга киришади. Турли эски китобларни йиғади, эски одамлар, хусусан, Қайнар билан учрашиб ҳақиқий тарихни юзага чиқаришга уринади. Миллат тилини тиклаш, давлат тили мақоми берилиши учун ўзи каби бир қанча ёшлар билан митинг қилиб чиқади. Очлик эълон қилишади. Асранқулович уларни тавбасига таянтириш мақсадида куч ишлатади. Аммо зарбалар ёшларнинг иродасини буколмайди. Махфий газета ташкиллаб, халқ кўзини очишга ҳаракат қилади. Хуллас, улар кўп қатори тақдирга тан бериб, ҳақоратларга кўниб кетмасликларини исботлайди. Шундай миллатпарвар ёшлар бор экан, юрт ёв қўлида хор бўлиб қолмаслигини кўрсатиб қўйишади.

Асар сўнгида мустамлакачиларнинг малайлари вазифаларидан четлатилганини, юртда эркинлик эпкинлари кезиб қолганини, ватандан сиқиб чиқарилган Кураш сингари фидойиларнинг юртга қайтарилганини кўриш мумкин.

Роман эл бошига иш тушганда курашиш ўрнига душманларга қўшилиб халқни талаган, алдамчи ҳукуматнинг макрлари остида манқуртлашган кимсаларнинг юзини очиб ташлайди. Халқимизда «ўзингники ўзагингни кесади», «болтанинг сопи ёғочдан» каби иборалар бор. Шундай иборалар айнан «Ултонтоз»даги ултон кимсаларга аталгандек гўё. Эътибор бериб қаралса, асарда деярли четки душман номи учрамайди. Халқ бошида тегирмон тоши айлантираётганларнинг ҳаммаси ўзимизнинг миллат кишилари. Шу диёрда туғилиб ўсган, шу ернинг тузини еган ва ота-боболарининг қадриятлари остида тарбия топган. Аммо шўро мафкураси шу қадар маккор эдики, ҳатто уларнинг Худосини, динини, тилини, энг асосийси, дилини-да алмаштириб ташлади. 

Ўша давр, ўша мафкура асоратлари ҳозирги кунда ҳам бир қадар сақланиб қолган дейиш мумкин. Масалан, ҳар қандай манфаатларига зид ҳақиқатни айтган тилни кесиш амалдорларимизга; четдан туриб ҳайбаракаллачилик қилиш, виждонга қарши бориш бизга аждодларимиздан мерос қолган.

Ҳозирги кунда бирор муаммо очиқ айтиб қўйилса, муаммо бир четда қолиб, уни айтганга тармашиб кетиш ҳолатлари кўп учраб турибди. Қачонки бундай ҳолатлар йўқолмас экан, Ултонтозлар жамият тепасидан қувилмас экан, шаффофлик ва очиқлик таъминланмас экан ривожланиш бўлмайди. Ўша даврдаги «тарбия»нинг асоратлари йўқолиши, халқ муаммоларни қўрқмай айта олиши жудаям зарур.

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид