Ўзбекистон | 20:04 / 29.09.2023
23731
5 дақиқада ўқилади

“Зарарни албатта МЧЖга тўлатамиз” — Сергелидаги харажатлар бюджетдан қопланаётганига изоҳ берилди

Дастлабки маълумотларга кўра, талафот суммаси 5,5–6 млрд сўмга баҳоланяпти, дея Kun.uz'га маълум қилди бош вазирнинг матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов. У ушбу харажатлар давлат томонидан қопланаётгани ҳақидаги саволга жавобан, сарфланган маблағлар тегишли тартибда жавобгар томондан ундирилишини айтди. “Буни албатта МЧЖга тўлатамиз. Давлатнинг пули кўчада қолмаган”, – деди у.

Фото: Kun.uz

28 сентябр куни Тошкентнинг Сергели тумани Қурувчилар даҳасидаги Interlogistics компаниясига қарашли омборда содир бўлган кучли портлаш оқибатида 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта мактаб ва иккита боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Тошкент шаҳар ҳокими зарар кўрган хонадонлар ва ижтимоий объектларни таъмирлашни пойтахт туманларининг ҳокимликларига тақсимлаб берди.

Kun.uz бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовга хусусий компания етказган зарар нима учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланаётгани, “Interlogistics”нинг моддий зарарни қоплаш юзасидан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилаётгани ёки йўқлиги ҳақида савол йўллади.

Фото: Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов

Ҳидоятовнинг айтишича, ҳукумат фармойишида амалга ошириш лозим бўлган ва кечиктириб бўлмайдиган масалаларга урғу берилган. У МЧЖ етказган зарар давлат томонидан қопланиши тўғри эмаслигини таъкидлади.

“Ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов бўлгани учун ижрони ташкил этиш мақсадида пойтахтнинг ҳар бир туманига иш тақсимлаб берган. Тўғри, ҳақиқан ҳам маблағ ажратиляпти, лекин бюджетдан эмас, захира маблағларидан. Шундай вазиятлар учун ўзини ҳурмат қилган мамлакат алоҳида фонд юритади ва зарур ҳолларда ундаги маблағлар ишлатилади.

Сиз айтаётган гап тўғри, МЧЖ етказган зарарни давлат бюджетидан бўладими, захира маблағларидан бўладими, қоплаб бериш нотўғри. Лекин айни пайтда у ерда 600га яқин хонадонга зарар етган: дераза ромлар, уйларнинг фасад қисми, деворлари кўчиб кетган. Ҳаво совиб боряпти, ҳар бир хонадонда 4 нафардан одам яшаганда ҳам бу 2400 одам дегани. Шунча одам совуқда қолиши мумкин. Тезкор чора кўриш учун захира фонддан маблағ олинди. Янгиланган конституцияда ҳам давлат халқига ғамхўрлик қилиш кафолатлаб қўйилган. Шунинг учун шу қарорга келинган, президентимиз топшириқ қўйганлар”, – деди Ҳидоятов.

Бош вазирнинг матбуот котибига кўра, давлатнинг ҳозирги харажатлари корхона зиммасига юкланади.

“Айни пайтда МЧЖга нисабатан иш очилган. Тергов суриштирув ишлари амалга ошириляпти. Оддий уйда ёнғин чиқса ҳам, ўт ўчириш хизмати келиб ёнғинни ўчириб беради, лекин уй эгасига жаримасини тўлатади.

Бу пул қолиб кетмайди. Суд қарор чиқаради. Ҳозирча дастлабки маълумотларга қараганда, талофат суммаси 5,5-6 млрд сўм деб баҳоланяпти. Бу яна ўзгариши мумкин. Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларимиз 10 мрд сўм атрофида. Буни албатта МЧЖга тўлатамиз. Давлатнинг пули кўчада қолмаган.

Сизлар қўяётган савол тўғри: нега МЧЖнинг зарари давлатга бўлиши керак? Буни давлат раҳбари ҳам, ҳукумат ҳам жуда яхши билишади. Лекин бу ерда инсон омили ҳақида гап кетяпти. Шу сабабли захира маблағларини ишлатиб, зарарни МЧЖдан ундириб оламиз, деган масала кетяпти”, – дея тушунтирди у.

Ҳидоятовнинг қўшимча қилишича, президент бош вазирга захира фондидан маблағ олиб, одамларни тезроқ, совуқ тушмасидан уйларига киргизиш борасида топшириқ берган.

“Бугун шифохонада жароҳат олган одамлардан хабар олиб келдик, уларнинг аҳволи анча яхши. Давлат раҳбари одамлар шифохонадан чиққунча уйи тайёр ҳолда бўлсин деб топшириқ қўйганлар. Бу вазифани бажариш учун ҳукумат комиссияси 24 соат иш ташкил қилган. Бугун бориб кўрган бўлсангиз, синган эшик деразаларни олиб чиқиб кетиб, сифатли эшик деразалар қўйиб бериляпти”, – деди Беҳзод Ҳидоятов.

Портлаган омборхона кимга тегишли?

Портлаш содир бўлган бино “Interlogistics” МЧЖга қарашли божхона омбори бўлган.

Юридик шахслар реестрига кўра, Interlogistics 2016 йил 11 августда рўйхатга олинган. Компания нотурар жой биноларини ижарага бериш ва бошқариш билан шуғулланади. Устав капитали – 48,9 млрд сўм. Таъсисчилари – Integra benefit investments (78,9 фоиз) ва “Benif LTD” МЧЖ ҚК (21,1 фоиз).

Integra benefit investments БААда рўйхатдан ўтган. Benif LTD эса Ўзбекистонда, 1995 йилнинг 18 сентябр куни рўйхатга олинган. Улушдорлари – Integra benefit investments (80,7 фоиз) ва “Madad-Tijorat” МЧЖ (19,3 фоиз). Раҳбари – Пайзиев Рустам Абдушукурович. Устав фонди – 3,7 млн доллар. Компания нотурар жойни ижарага бериш ва бошқариш билан ҳам шуғулланади.

Madad-Tijorat 2000 йил 8 февралда ташкил этилган. Устав фонди – 4,8 млн сўм. Раҳбари – Мирзаҳмедов Хотам Шарипович. Таъсисчилари – Иргашев Бахтиёр Илясевич ва Иргашева Шоира Шамшитдиновна (50 фоиздан). Фаолият йўналиши – металл конструкциялар ва буюмлар ишлаб чиқариш.

Мавзуга оид