Ўзбекистон | 10:20 / 30.09.2023
10007
2 дақиқада ўқилади

EastFruit: Ўзбекистонда январда кузатилган кучли совуқ узум ҳосилига жиддий зарар етказган

Оқ, қизил ва қора узумларнинг жорий улгуржи нархлари даражаси ўтган йилларда қайд этилганидан бир неча баробар юқори бўлаётганига эътибор қаратилди.

Фото: Getty images

Белгиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ёритишга ихтисослашган EastFruit порталида “Ўзбекистонда узум нархлари ўсишда давом этмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Нашрда қайд этилишича, EastFruit экспертлари жорий мавсумда Ўзбекистонда узум нархининг рекорд даражада юқори бўлганига бир неча бор эътибор қаратган. 

“Сентябр ойининг биринчи ҳафтасида қисқа танаффусдан сўнг, ушбу маҳсулотларнинг нархи яна ўсишни бошлади. Охирги икки ҳафта ичида “Кишмиш” навли узумининг улгуржи нархи 17 фоизга, оқ узум 38 фоизга, қора узум 22 фоизга ошди”, - дейилади мақолада.

EastFruit мониторингига кўра, 2023 йил 8 сентябрдан 22 сентябргача Ўзбекистонда “Султон” навли узумнинг ўртача улгуржи нархи 18 минг сўмдан 21 минг сўмга ошди.

“Ушбу маҳсулотлар нархининг ошиши бир ойдан кўпроқ вақт олдин бошланганини инобатга олсак, 2023 йилнинг 11 августидан 22 сентябрига қадар “Кишмиш” навли узумининг ўртача улгуржи нархи 2,1 баробарга – 10 минг сўмдан 21 минг сўмга юқорилаган, - деб ёзган электрон портал. - Ҳозирги улгуржи нархлар ва ўтган йиллар даражаси ўртасидаги фарқ жуда катта. Жорий йил 22 сентябр ҳолатига кўра, “Султон” навли узумнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 2,6 баробар, 2021 йилга нисбатан эса 2,3 бараварга кўтарилган”.

Мақолада оқ, қизил ва қора узумларнинг жорий улгуржи нархлари даражаси ўтган йилларда қайд этилганидан бир неча баробар юқори бўлаётганига эътибор қаратилган.

“Экспертлар жорий мавсумда Ўзбекистонда узум нархининг бундай юқори динамикасига январ ойида кузатилган совуқ натижасида ҳосилнинг пастлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Ўзбекистонда январ ойининг иккинчи ўн кунлигида кузатилган аномал совуқ узум ҳосилига жиддий зарар етказди”, - деб ёзган EastFruit.

Мавзуга оид