Спорт | 14:22 / 01.10.2023
14356
2 дақиқада ўқилади

Осиё Ўйинлари. Ўзбекистон Хиросима-1994дан кейин илк бор яримфиналга чиқди

Темур Кападзе мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия жамоаси футболчиларимизнинг Осиё Ўйинларидаги 29 йиллик нохуш анъанасига чек қўйди.

Ҳанчжоу-2022 турнири футбол баҳсларининг чоракфиналида Саудия Арабистони устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришган Ўзбекистон олимпия жамоаси яримфиналга йўлланма олди.

Ҳозирга қадар Осиё Ўйинлари тарихида вакилларимиз фақат бир марта – 1994 йилги Хиросимада ўтган турнирда Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов мураббийлигидаги жамоамиз яримфиналга чиқа олган ва якунда Осиё Ўйинлари ғолибига айланганди. Ўтган 29 йил ичида 7 марта мусобақада қатнашган футболчиларимиз ниҳоят нохуш анъанага чек қўйиб, яримфиналга чиқишди. 

Маълумот учун, 1998 йил Убиража Вейга Да Силва мураббийлигида чоракфинал, 2002 йил Виктор Борисов қўл остида гуруҳда 3-ўрин, 2006 йил Рауф Инилеев мураббийлигида чоракфинал, 2010 йил Аҳмад Убайдуллаев бошқарувида чоракфинал, 2014 йил Миржалол Қосимов қўл остида нимчоракфинал, 2018 йил Равшан Ҳайдаров мураббийлигида эса чоракфиналга қадар етиб келинган. Кападзе мураббийлигида эса 2023 йил яримфиналга чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Кападзе шогирдлари яримфиналда Хитой – Жанубий Корея учрашуви ғолибига қарши ўйнайди. Яримфинал ўйини 4 октябрда ўтказилади.

Мавзуга оид