Ўзбекистон | 14:07 / 02.10.2023
43853
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда 9-синф ўқувчилари шоли ўримига жалб қилинди

Болаларнинг айтишича, уларни далага мактаб директори юборган. Kun.uz директор ва шоли эккан фермер туғишган ака-укалар эканини аниқлади. Расмийлар эса бунга директорнинг алоқаси йўқлигини билдириб, фақат фермернинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини айтмоқда.

Видеодан кадрлар

Kun.uz ихтиёрига Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-мактаб ўқувчилари шоли ўримига олиб чиқилгани акс этган видео келиб тушди. Уни юборган фуқаро ўқувчилар мактаб директори томонидан мажбуран далага олиб чиқилганини айтади.

Маълум бўлишича, ҳолат Қўшкўпир туман прокуратураси ва туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида ўрганилган.

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторининг хулоса қилишича, мактабнинг 9А-синф ўқувчилари А.Қўчқаров, Б.Шавкатов, А.Отабоев ва Б.Отабоевлар тумандаги “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалигига тегишли бўлган шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг, фермер хўжалик раҳбари К.Худайбергановнинг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига, далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришган.

Мактаб директори томонидан вояга етмаган ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ўқувчиларнинг ёшини инобатга олмасдан, меҳнат қилишга йўл қўйиб берган фермер хўжалиги раҳбарининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.

Kun.uz'да мавжуд маълумотга кўра, Қўшкўпир туманидаги 19-мактабга Худойберганов Анвар Қуронбоевич раҳбарлик қилади.

Болалар меҳнатга жалб этилган “Иброҳим балиқчи” фермер хўжалигига эса, корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, Худайберганов Рустам Қуранбаевич раҳбарлик қилади.

Манба: stat.uz

Қолаверса, Kun.uz ихтиёрида мавжуд видеода, шоли даласида юрган ўқувчилар: “Дарсдан чиқиб келдик , мактаб директори Анвар оға юборди”, дейишади.

Расмий муносабатда 4 нафар бола далага чиққани айтилади. Аммо видеода улар 10 нафарга яқин бўлганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон конституциясига асосан, мамлакатда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодкеснинг 49-1-моддасига кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш – БҲМнинг 20 баравари (6,6 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид