Спорт | 08:01 / 05.10.2023
12813
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Россия ёшлар миллий жамоаларига қўйилган тақиқни бекор қилди

УЕФА биринчиликларида бўлгани каби, ФИФА ўйинларида ҳам Россия ўсмирлари нейтрал байроқ остида ва давлат мадҳияси янграмасдан иштирок этиши мумкин.

Фото: Philipp Schmidli/Getty Images

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА, FIFA) Россия ўсмирлар миллий жамоаларининг ташкилот шафелигидаги мусобақаларда иштирок этишига қўйилган тақиқни бекор қилди. ФИФА матбуот хизматининг 4 октябр, чоршанба куни тушунтиришича, тегишли қарор Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА, UEFA)нинг худди шундай қадами ортидан қабул қилинган. 

26 сентябр куни УЕФА 17 ёшгача футболчилари бўлган Россия жамоаларига ўз мусобақаларида нейтрал байроқ остида ва Россия мадҳияси янграмасдан яна иштирок этишига рухсат берилишини эълон қилди. ФИФА россиялик ўсмирларнинг қайтиши учун ҳам худди шундай шартларни илгари сурди. 

Айни пайтда, ўсмирлар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати Россия иштирокисиз ўтади. Чемпионат 10 ноябрдан 2 декабрга қадар Индонезияда бўлиб ўтади ва у ерда чемпионлик учун кураша оладиган барча 24 та жамоа аниқлаб бўлинган. Россия қизлар ўсмирлар миллий жамоаси эса 2024 йил 16 октябрдан 3 ноябргача Доминикан Республикасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олиш имкониятига эга. 

2022 йил 24 февралда Москва томонидан Украинага қарши бошланган ҳарбий ҳаракатлар фонида Россиянинг профессионал спортчилари бир қатор йўналишлар бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирилди. 

Мавзуга оид