Ўзбекистон | 18:03 / 10.10.2023
24789
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Алишер Амиров аввал ҳам ушбу вилоят ҳокимига ўринбосар бўлган.

Алишер Хуррамович Амиров Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Алишер Амиров 1977 йил Бойсун туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобил йўллари институтини, 2014 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ер усти транспорти тизимлари муҳандиси.

А.Амиров меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги Тошкент вилояти бўлими шуъба мудири, «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компаниясида бошқарма бошлиғи, бошқарув раиси ўринбосари, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, 2019 йил октябридан 2020 йил декабрига қадар Шеробод тумани ҳокими лавозимларида меҳнат қилган.

2021 йил январидан буён Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобил йўллари қўмитаси минтақавий йўлларга буюртмачи бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди.

  • Маълумот учун, Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2021 йил майидан буён Алишер Хидиров ишлаётганди.

Мавзуга оид