Ўзбекистон | 14:33 / 13.10.2023
8721
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда имконияти чекланган инсонлар қандай қўллаб-қувватланяпти?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15 фоизини ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам бундай тоифадаги одамлар сони кам эмас. Ногиронларга қулай шароит яратиш, уларга таълим бериш, муносиб иш ўринлари билан таъминлаш масаласи ниҳоятда долзарбдир. 

Ногиронлар қандай қўллаб-қувватланяпти? 

Ногироннинг ҳаёти соғлом одамнинг ҳаётидан тубдан фарқ қилади. Мисол учун улар таълим олишда муайян муаммоларга дуч келишмоқда. Ногиронлар учун иш топиш анча қийин, чунки аксарият ҳолларда улар меҳнатга лаёқатли одамнинг ишини бажара олмайди. Афсуски, бу тоифадаги одамлар жамият томонидан яратилган тўсиқларга ҳам дуч келишади. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Масалан, уларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратилмоқда. Бунда, 2022 йилда мингга яқин иш берувчиларга 1805 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганлиги учун субсидия ажратилган бўлса, жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига 659 та иш берувчиларга 1412 нафар ногиронлиги бор шахсларни ишга қабул қилганлиги учун 6 ойгача БҲМ 1,5 баравари миқдорида субсидия берилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ногиронлик пенсия ва нафақаларининг энг ками миқдори 747 минг сўмга етказилиб, 2017 йилнинг бошига нисбатан 5,1 бараварга ўсган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга ҳар ойда янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилди. Бугунги кунда ушбу нафақа миқдори 568 минг сўмни ташкил этмоқда. Унинг жорий этилиши натижасида, 64 мингга яқин оилаларга парваришлаш нафақаси тўлаб берилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда иш стажи ва иш ҳақини инобатга олган ҳолда ҳар 2 йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Натижада, 2023 йилда 75 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача 300 минг сўмгача оширилди. Шунингдек, келгусида ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин меҳнат фаолиятини олиб борган 43 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиялари ҳар 2 йилда (иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб) бир маротаба қайта ҳисоблаб борилади.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 2023 йил 1 январдан эътиборан Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда 275 млрд сўм маблағ ажратилди.

«Тўсиқсиз туризм» дастури

2024 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳат қилишлари учун қулай муҳит яратишга қаратилган «Тўсиқсиз туризм» дастури амалга оширилади. Дастур доирасида ҳар йили «Саёҳат барча учун!» лойиҳаси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг республиканинг туризм салоҳияти юқори бўлган шаҳарларига бепул саёҳатлари ташкил қилинади.

Шунингдек, туризм, маданий мерос, концерт-томоша объектлари ҳамда аэропорт, авто ва темирйўл вокзалларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун зарур инфратузилма яратиш механизмлари жорий қилинади.

Мавзуга оид