“Қарор қабул қилишда ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этиши шарт” – Ўзбекистонда ногиронлик муаммолари ҳақида
3 декабр – халқаро ногиронлиги бор шахслар куни, бу санада уларнинг муаммолари ҳақида кўп ва хўб гапирилади. Ногиронлиги бор шахсларнинг айтишича, улар учун бу кун байрам эмас. Хўш, уларнинг қандай муаммолари бор, ўзлари кўпроқ нима исташади? Kun.uz шу саволлар билан уларга микрофон тутди.
“Жамиятга қўшилишни истаймиз”
Мадина Пўлатова ҳозирда СММ менежери бўлиб ишлайди. Унинг фикрича, жамиятга ҳозир уларни борича қабул қилиш маданияти етишмайди.
“Бизнинг жамиятда ногиронлиги бор шахсларни [борича] қабул қилиш маданияти етишмайди. Биз буни боғчадан, мактабдан ривожлантиришни бошлашимиз керак. Чунки катта ёшли одам ногиронлиги бор одам тушунчасини тушуниши ўз-ўзидан қийинлашади. Болаликдан буни кўриб-билиб юрса, ногиронлиги бор шахсларни қабул қилиши ҳам осонлашади, уларнинг жамиятга интеграция бўлиши осонлашади”, — дейди Мадина Пўлатова.
Ҳуқуқшунос Мирсаид Мухторов жамиятдаги мавжуд стереотипларни синдириш керак деб ҳисоблайди.
“Жамиятнинг ўзида стереотиплар бор. Ногиронлиги бор шахсларни касал одамлар деб ҳисоблашади. Жамият ногиронлиги бўлган шахсларни тўғри тушуниши керак. Бунда жамиятга таъсири бор шахслар бунинг хато эканлигини тушунтириши лозим. Ҳар бир жамиятда машҳурлар ёки кўпчилик эътиборига сазовор шахслар томонидан ногиронлар ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва тўғри тушунтириш жамиятни секин-аста ўзгартиради”, — дейди Мирсаид Мухторов.
Абдураҳмон Акрамов Ўзбекистон ногиронлар шашка федерацияси раиси ўринбосари. У ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга интеграциясидаги асосий тўсиқ сифатида одамларнинг ногиронлик ҳолатлари ҳақида тўғри маълумотга эга эмаслигида деб билади.
“Ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга қўшилиб кетиши ҳақидаги тарғиботлар аксар ҳолларда уларнинг ўзлари билан амалга оширилади. Ҳа, уларнинг ҳаммасида жамиятга қўшилиб кетиш хоҳиши бор. Лекин мен бирор марта ногиронлиги йўқ шахсларни йиғиб, бу борада тарғибот ўтказишганини кўрмаганман.
Асосий тўсиқ бу — ногиронлик ҳолатлари ҳақида тўғри маълумотга эга эмасликда. Агар аҳолининг барча қатлами ногиронлик ҳолатлари ҳақида етарли тасаввурга эга бўлса, жамиятга қўшилиб кетишимизда катта муаммо бўлмайди”, — дейди Абдураҳмон Акрамов.
“Бизга имтиёзлар керак эмас”
Ҳуқуқшунос Мирсаид Мухторовнинг фикрича, шароит етарли бўлса, имтиёзларга ўрин қолмайди.
“Одатда, имконият шароит бўлмаганидан яратилади. Шароит етарли бўлса, имтиёзнинг ҳожати қолмайди. Масалан, университетларда имконияти чекланган талабаларга кириш имтиёзларини яратишимиз яхши, аммо шу имтиёзларга яраша ресурсларни ўзлаштириш учун шароитлар ҳам бўлиши керак. Худди одатий талабаларга ўқув аудиторияларида улар ўзлаштира олишлари учун яратилган шароитлардек”, — дейди ҳуқуқшунос.
Мадина Пўлатова ҳам ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида имтиёзлар эмас, балки уларнинг бошқалар билан бирдек турмуш-тарзини кечириши учун шароит яратиш керак деган фикрни илгари сурди.
“Йўқ, бизга алоҳида имтиёзлар ажратиш керак эмас, бизга шароит керак. Қолаверса, инсонларга яхшилик қилиш учун, уларнинг ҳолидан хабар олиш учун йил давомида алоҳида бир кунни кутиш шарт эмас”, — дейди Мадина.
“Биз ҳақимиздаги қарорлар қабул қилинишида ногиронлиги бор шахслар иштирок этиши керак”
Абдураҳмон Акрамовнинг таъкидлашича, ногиронлиги бор шахслар ҳақида қарорлар қабул қилинишида уларнинг иштироки таъминланиши лозим.
“Халқимизда бир гап бор: “Танаси бошқа дард билмас”. Аксар ҳолларда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган қарорлар жараёнида уларнинг ўзи иштирок этмаслиги, аксинча, маълум бир тор доираларда бу қарорлар қабул қилиниши уларнинг ҳаётини қийинлаштиради. Улар ўзларига нима кераклигини билдириш имконига эга бўлиши учун, уларни тинглаш керак”, — дейди у.
“3 декабр биз учун байрам эмас”
Суҳбатдошлар 3 декабр байрам сифатида эмас, балки муаммолар айтилиши, ечимлари изланиши, таклиф қилиниши керак бўлган кун сифатида кўрилиши лозимлигини таъкидлашди.
“Ушбу кунни байрам сифатида нишонлаб, турли концерт дастурлари ташкил этиш анъанаси кенг тарқалган. Бу санани байрам сифатида нишонлаш, худди наркотикка ўхшайди, вақтинчалик комфорт беради. Таъсири кетгандан кейин эса эски ҳолатга қайтариб қўяди. Аслида бу кунни муаммоларни эшитиб, уларни ўрганиб, ечимлар таклиф қиладиган кун сифатида кўришимиз керак”, — дейди Мирсаид Мухторов.
Интервюни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Гавҳар Зиёдуллаева суҳбатлашди
Оператор ва монтаж устаси Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
11:47 / 03.12.2024
BBC ўзбекистонлик тадбиркор — Дилором Йўлдошевани «дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди
16:14 / 27.11.2024
Маҳалланинг фаол кексаларига ҳар ой 577 минг сўмдан тўланади
18:59 / 26.11.2024
Суринам нефт даромадларини фуқаролар билан баҳам кўради
11:33 / 23.11.2024