Жаҳон | 11:10 / 15.10.2023
31291
14 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш дунёни иккига ажратди. Фотосуратлар

Фаластин тарафдорлари Токиодан Кейптаунгача бирдамлик акциялари ўтказишмоқда. Исроилни қўлловчилар ҲАМАС ҳужуми қурбонларига аза тутмоқда.

Фаластин-Исроил можароси. Тўққизинчи кун. Сўнгги маълумотлар:

  • Исроил мудофаа армияси тун давомида Ғазодаги юздан ошиқ ҳарбий объектлар, жумладан ҲАМАС штаб-квартираси ва комплексларига ҳужум қилгани ҳақида маълумот берди.
  • Исроил мудофаа армияси матбуот котиби ҲАМАС тинч аҳоли вакиллари Ғазо шимолидан анклав жанубига кўчишига тўсқинлик қилаётгани, гуруҳ учун инсон ҳаёти аҳамиятсиз экани ҳақида гапирди.
  • Ўтган бир кун ичида Ғазода яна 300 га яқин киши ҳалок бўлган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил авиацияси зарбалари оқибатида Ғазо секторида камида 2329 фаластинлик ҳалок бўлиб, яна 9714 киши яраланган.
  • Исроил мудофаа армияси ҲАМАС ҳужуми вақтида ҳалок бўлган яна етти ҳарбий номини эълон қилди. 7 октябр кунги ҳужум вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар сони 286 нафарга етди. Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 1,3 мингдан ортиқ.
  • БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги Ғазога сув етказиб бериш тўхтатилганидан кейин у сектор аҳолиси учун «ҳаёт мамот масаласи»га айланганини маълум қилди. Ғазонинг ўзида ичимлик суви манбалари деярли йўқ ва икки миллиондан ортиқ аҳоли учун сув бу ерга Исроил ҳудудидан олиб келинарди.
  • Исроил уч соатга Ғазодан чиқиш учун йўлак очмоқчи. Исроил мудофаа кучларининг эвакуация тўғрисидаги сўнгги хабарида ҳали ҳам Ғазо шимолида бўлиб турган тинч аҳоли вакиллари маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан соат 13:00 гача бу ерни тарк этиши лозимлиги келтирилган.

Ўтган ҳафта давомида бутун дунё бўйлаб Фаластин тарафдорлари ва Исроил билан бирдам бўлган кишилар намойишлар ўтказишди — айрим ҳолларда икки томоннинг акциялари бир-бирига рўпара ҳолатда бўлган. Қуйида ҲАМАСнинг ҳужуми ва Исроилнинг бунга жавобан Ғазо секторини ўққа тутиши ҳамда блокада қилишига дунё бўйлаб бўлган реакция акс этган суратлар.

Рим полициячилари ва Ла Сапиенц университети талабаларининг Фаластинни қўллаб-қувватлаб ва Ғазо сектори қамал қилинишига қарши ўтказган марши иштирокчилари ўртасидаги тўқнашув. Фаластинлик талабалар намойиши 13 октябр куни ўтказилди.
Stefano Montesi / Corbis / Getty Images
Исроилнинг Ғазо сектори бўйлаб йўллаётган авиазарбаларига норозилик сифатида Яман пойтахти Санода ўтказилган митинг, 2023 йил 13 октябр. Ямандаги исёнчи ҳусийчилар 10 октябр куни агар АҚШ можаро иштирокчисига айланса, ҲАМАСнинг Исроил билан урушига қўшилишини маълум қилди, деб хабар берган Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги. «Биз биродарларимиз билан қаршилик ўқи бўйича тўлиқ координацияда бўлиб турибмиз», — деган гуруҳ етакчиси Абдул-Малик ал-Ҳусий.
Khaled Abdullah / Reuters / Scanpix / LETA
Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрининг Таҳрир майдонида намойиш вақтида Исроил байроқлари ёқилди, 2023 йил 13 октябр. Ироқ бош вазири Муҳаммад ас-Судани ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейинги кунда Фаластин-Исроил можаросини деэскалация қилиш йўлини топиш учун бир неча араб мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқот қилди. «Араб давлатлари позицияси аён ва бу Фаластин даъвосини ҳамда Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашдан иборат», — деган РИА Новости агентлигига Ироқ бош вазири матбуот котиби Ҳишом ар-Рукаби.
Ahmad Al-Rubaye / AFP / Scanpix / LETA
Исроилнинг Ғазо секторига авиазарбалари вақтида «Жамоат-Ислом» («Ислом блоки») диний партияси тарафдорлари Фаластин байроқлари ва «Исроил — болалар қотили» шиорлари акс этган плакатларни кўтариб чиқди. Лоҳур, Покистан, 2023 йил 13 октябр. Намойишчилар «Фаластин қуруқликдан денгизгача озод бўлади» ва «Фаластинни қўллаб-қувватланг» шиорларини ҳайқириб айтишган, деб хабар беради The Times of India. Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар-ул-Ҳак Какар 10 октябр куни Яқин Шарқдаги тинчлик «икки халқ учун икки давлат» масаласи ҳал этилишига боғлиқлигини айтди. Какар «тийилиш»га чақирган ва Яқин Шарқдаги янги эскалация Фаластин масаласи ҳал этилиши зарурлигини яна бир бор кўрсатганини қайд этди.
K.M. Chaudary / AP / Scanpix / LETA
«Жамоат-Ислом» диний партияси тарафдорлари Лоҳурда қўлларида «Исроилга ўлим» ва «Фаластин тез орада эркин бўлади» сўзлари ёзилган плакатларни кўтариб чиқишди. Партия раҳбари Сирожул Ҳақ намойишчилар қаршисида қилган чиқишида АҚШ ва Европа мамлакатларини Исроилнинг антифаластин сиёсатини қўллашда айблади. У мусулмон мамлакатларини бирлашиш ва Фаластин тақдирини ҳал этишда қатнашишга чақирди. «Фаластинликлар ҳимояси учун овозингизни баландланг, бу мусулмоннинг бурчи ва унинг эътиқодининг бир қисми», — дея унинг сўзларини келтирган The Times of India
K.M. Chaudary / AP / Scanpix / LETA
Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида Фаластинни қўллаб ўтказилган марш, 2023 йил 13 октябр. Митингчиларнинг қўлларида — Фаластин байроқлари ва «Ғазони қутқаринг» шиори битилган плакатлар. ЖАР президенти Сирил Рамафоса 12 октябр куни унинг мамлакати Фаластин-Исроил можаросини ҳал этишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Рамафоса можаронинг барча қурбонлари учун таъзия билдирган, «тинч аҳоли вакилларига қарши ваҳшийликлар»ни қоралаган ва Ғазо сектори аҳолиси учун зудлик билан гуманитар йўлаклар очишга чақирган. У шунингдек халқаро ҳамжамиятга юзланиб, 1967 йилги чегараларда «яшовчан» Фаластин давлатини ташкил этишга олиб келувчи мустаҳкам тинчликка эришишга чақирган.
Nic Bothma / Reuters / Scanpix / LETA
Япониянинг ислом динига эътиқод қилувчи аҳолиси ва уларнинг тарафдорлари Исроил элчихонаси яқинида Фаластин билан бирдамлик акцияси ўтказишди. Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава 13 октябр куни фаластинлик ҳамкасби Риёз ал-Малики (ҲАМАС билан рақиб бўлган Фаластин мухторияти ҳукумати вакили) қўнғироқлашди. Мулоқот чоғида Камикава яна бир бор «ҲАМАСнинг террорчилик ҳужуми»ни қоралаган ва ал-Маликини Ғарбий соҳил маъмуриятини можаро деэскалацияси учун бор имкониятларни ишга солишга чақирган.
Taidgh Barron / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Лондонда намойишчилар фаластинликлар билан бирдамлик акциясини ўтказишди. 2023 йил 14 октябр
Toby Melville / Reuters / Scanpix / LETA
12 октябр куни фаоллар Неаполдаги Сант-Элмо қалъаси деворига бир неча дақиқага Фаластиннинг қарийб 30 метрлик байроғини илиб қўйишди. Кейинги куни шаҳардаги энг йирик майдонлардан бирида Фаластинни қўллаб-қувватлаб митинг ўтказилди, унда 800 га яқин киши иштирок этди. Фаластин тарафдорлари «Оккупация остида тинчлик бўлмайди» ёзуви акс этган байроқлар кўтариб ўтишди.
Antonio Balasco / imago images / Scanpix / LETAnpix / LETA
Римда Фаластинни қўллаб ўтказилган митинг иштирокчиси, 2023 йил 13 октябр. «Мен Исроил эскалацияни истаган деб ўйламайман, — деган Италия ТИВ раҳбари Антонио Таяни 13 октябр куни La Stampa газетасига берган интервюсида. — Аммо биз Исроилнинг мавжудлик учун ҳуқуқини ҳимоялашимиз керак». Таяни Исроилнинг жавоб ҳаракатлари «ўзи дучор бўлган ҳужумга мутаносиблиги»га ишончи комил. «Биз Ғарб ва араб дунёси ўртасида бўлинишлар пайдо бўлишидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Шунинг учун мен Саудия Арабистони, Миср, Иордания, Марокаш, БАА, Туркия, Қатар амалга ошириши мумкин бўлган дипломатик саъй-ҳаракатларни интиқлик билан кутаман», — деган Таяни.
Alessandra Tarantino / AP / Scanpix / LETA
Фаластиннинг Москвадаги элчихонаси олдида гуллар ва ўйинчоқлар. Владимир Путин 13 октябр куни МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг Бишкекдаги мажлиси вақтида Фаластин-Исроил можаросини «пойтахти Шарқий Қуддусда бўладиган мустақил Фаластин давлати тузишга олиб келадиган» тинчлик музокаралари билан ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Журналистлар билан мулоқотда Путин Россия музокараларда воситачилик қилиши мумкинлигини айтди ва ҳеч ким Россия ҳукумати «кимгадир ён босиши»дан гумон қилмаслигини қўшимча қилди. Путин шунингдек Ғазо секторини блокада қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб, буни Ленинград блокадаси билан тенглаштирди.
Евгений Биятов / Спутник / Scanpix / LETA
2023 йил 12 октябр куни Ню-Йоркда Фаластинни қўллаб ўтказилган акцияда иштирок этган Колумбия университети талабалари. Рўпарадаги ўтлоқда эса университетнинг бошқа талабалари Исроилни қўллаб митинг ўтказди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳафта охирида минтақа давлатлари билан можарони ҳал қилиш, Ғазо сектори аҳолисини эвакуация қилишни ташкил этиш ва янги иштирокчиларнинг можарога қўшилишига йўл қўймасликка ёрдам берадиган музокаралар олиб бориш умидида Яқин Шарқ бўйлаб сафарга чиқди. У Исроил, Иордания ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларида бўлди.
Spencer Platt / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA
Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митинг иштирокчиси Исроилни қўллаб ўтказилган акция иштирокчиларига «Сионизм бу - терроризм» ёзувли плакатни намойиш этмоқда. АҚШ, Ню-Йорк, 2023 йил 13 октябр
Eduardo Munoz / Reuters / Scanpix / LETA
Берлин полицияси  Фаластин тарафдорларининг норозилик акцияси иштирокчисини қўлга олмоқда, 2023 йил 13 октябр. Германия канцлери Олаф Шолц 12 октябр куни Германия ҳукумати мамлакатда ҲАМАС ҳаракати ва Исроилнинг Samidoun қамоқхонасида сақланаётган маҳбусларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказиладиган акциялар тақиқланишини анонс қилганди.
Fabrizio Bensch / Reuters / Scanpix / LETA
Париждаги Республика майдонида санкциясиз намойиш ўтказган Фаластин тарафдорларининг француз жандармлари билан тўқнашуви, 2023 йил 12 октябр. Шу куни Францияда Фаластинни қўллаб ўтказиладиган ҳар қандай намойишлар тақиқланди, жамоат тартибини бузиш таҳдиди бу қарорга асос сифатида келтирилди. Ички ишлар вазири Жералд Дарманен Фаластин билан бирдамлик акциялари ташкилотчилари ҳибсга олиниши мумкинлигини билдирган.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA
Республика майдонида уч мингга яқин киши тўпланди. Намойиш тинч ўтган, аммо кечга келиб шаҳар полицияси уни тарқатиб юборган
Gabrielle Cezard / SIPA / Scanpix / LETA
Майдон марказига ўрнатилган Марианна ҳайкалида (Француз республикаси рамзи) намойишчилар «Free Palestine» ёзувини ёзиб кетишди
Sarah Meyssonnier / Reuters / Scanpix / LETA
ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми вақтида ўғирлаб кетилган тинч аҳоли вакиллари акс этган плакатлар. Лондоннинг Вест-Энд тумани, 2023 йил 12 октябр. Жума куни британ нашрлари Лондонда яшовчи икки киши плакатларни йиртиб кетгани ҳақида хабар берди, улардан бири камерага қарата шундай деган: «Бу Фаластин учун». Буюк Британия ички ишлар вазири Суэлла Браверман 8 октябр куни полиция ҲАМАСни қўллаб-қувватлаб ўтказиладиган намойишларга қарши «қонун доирасида барча кучни ишга солиши»га ваъда берганди. Браверман «Буюк Британия кўчаларида антисемитизм ва терроризмни шарафлашга йўл берилмаслиги»ни маълум қилган.
Vuk Valcic / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида Исроилни терроризм билан курашда қўллаш ифодаланган баннер, 2023 йил 12 октябр. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 7 октябр куни Исроилга ҳамдардлик билдирган. «Террорчиларнинг Исроилга ҳужуми ҳақидаги хабардан қаттиқ ларзага тушдик. Хаёлларимиз ва дуоларимиз бегуноҳ қурбонлар ва уларнинг оилалари билан. Биз бу қийин дамларда Исроил билан бирдаммиз», — дея ёзган Моди.
Sonu Mehta / Hindustan Times / Getty Images
Австралиянинг Мелбурн шаҳри аҳолиси ҲАМАС ҳужуми вақтида ҳалок бўлган исроилликларни хотирлаш учун йиғилди. Уларнинг плакаткаларида — «Австралия Исроилни қўллайди» ва «Исроил қалбимизда» ёзувлари акс этган. 2023 йил 13 октябр
James Ross / EPA / Scanpix / LETA
Франциядаги яҳудий институтлари вакиллик кенгаши (Crif) чақириғи билан 9 октябр куни Париждаги Виктора Гюго майдони яқинида Исроилни қўллаб-қувватлаш акциясида иштирок этиш учун юзлаб кишилар тўпланди.
CARON / ZEPPELIN / SIPA / Scanpix / LETA
Деразаси синдирилган кошер ресторан олдида турган полициячи ва ўткинчи. Ресторан «Free Palestine» ёзуви пайдо бўлган Лондон кўприги ёнида жойлашган. 2023 йил 9 октябр
Anna Gordon / Reuters / Scanpix / LETA
Ню-Йорк полицияси департаменти ходимлари Бруклин ҳудудидаги синагогни қўриқлашни кучайтирган. Ню-Йорк, 2023 йил 13 октябр
Stephanie Keith / Getty Images

Мавзуга оид