Ўзбекистон | 17:16 / 16.10.2023
7155
2 дақиқада ўқилади

“Дарахтларни номига эмас, ҳаётимиз, эртанги кунимиз учун экиш керак” — Шавкат Мирзиёев

Президент масъуллар, маҳалла раислари ва барча аҳолини “Яшил макон” лойиҳасида фаол бўлишга чақирди. Куни кеча Шавкат Мирзиёев Чилонзордаги маҳаллада дарахт экиб, лойиҳанинг кузги мавсумини очиб берганди. 1 декабргача республика бўйлаб 85 млн туп кўчат экиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 11 октябр кунги селекторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг долзарблиги ҳақида гапирди. Давлат раҳбарининг нутқи видеоси “Менимча” кўрсатувида намойиш этилган.

“Яшил макон”ни номига эмас, ўзимизнинг ҳаётимиз, нафас олишимиз, ўпкамиз тозалиги учун қилсак, ўзимиз учун керак-ку бу? Жамиятимиз учун, соғлиғимиз учун керак. Керак бўлса, ғуруримиз учун, ифтихоримиз учун керак. “Яшил макон” – миллатимизга, мамлакатимизга, эртанги кунимизга керак.

Кимдир келиб Ўзбекистонда бизнинг экологиямизни тўғрилаб бермайди. Кимдир келиб маҳалламизга, Оролнинг қуриган тубига дарахт экиб бермайди ҳеч қачон. Фақат ва фақат темир интизом ва ўзимизнинг тинимсиз, машаққатли меҳнатимиз натижасида пировард мақсадга эришамиз.

Айниқса маҳалла раислари – мен ишонган, мен ҳурмат қилган маҳалла раислари – мана шунга жонкуяр бўлишлари керак. Ҳар бир хонадон бир йилда иккитагина туп дарахт эксин. Ҳар бир ташкилот ҳар йили ўнтагина дарахт эксин.

Ҳамма ўрнак бўлиши керак. Жамиятимизда бунга бефарқлик бўлмаслиги керак. Шундай муҳит яратишимиз керакки, дарахтга бўлган муносабатни уйимиздан, хонадонимиздан, оиламиздан, неварамиздан, фарзандимиздан, жамиятимиздан, маҳалламиздан бошласак, ўйлайманки, ютуқ, натижа биз кутгандек бўлади”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев 14 октябрда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари аҳли билан кўришиб, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мавсум доирасида 1 декабргача республика бўйлаб 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчатни бепул етказиб бериши керак. Вилоятлар ҳокимлари ҳам 300 минг дона кўчатни маҳаллаларга бепул тарқатади.

Президент ўтган йиллардаги хатоларни такрорламаслик шартлигини таъкидлаган.

Мавзуга оид