Ўзбекистон | 18:50 / 17.10.2023
9947
6 дақиқада ўқилади

“Собиқ фарзандлар бўлмайди” – МИБ вакили ажримлардан жабрланаётган юз минглаб болалар ҳақида

Бизда ажрашган эр-хотинлар судни жуда ёмон қабул қилади, кўпчилиги қасдлашиш оқибатида алимент тўламай қўяди. Натижада боланинг кейинги ҳаётини ўйлаб, унинг таъминоти ва тарбияси борасида келишув қилинмайди, “ажрашиш маданияти” етишмайди, дейди МИБ бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов. Маълум қилинишича, бугун кунда МИБ ижросида ўртача 300 мингта алимент иши бор, ҳар бир ходимга ойида 100 тадан алимент иши тўғри келмоқда.

Kun.uz мухбири Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов МИБ фаолияти юзасидан суҳбат уюштирди. Бурхонов МИБ ижросида бўлган кичик ишлар ва оилавий-маиший масалаларга тўхталиб ўтди.

— Чет эллик, яъни европалик ҳамкасбларимиз билан мулоқотда сизларда ҳам алимент бўйича муаммолар борми, деб сўраганмиз. Улар бизда бундай ҳужжатлар деярли йўқ, деб жавоб берган. Чунки уларда ажрашиш бўйича ҳам маданият шаклланган. Эр-хотин бирга яшолмаса ҳам, болаларининг тақдири, кейинги келажаги масаласида келишувга эришади. Айтишади-ку, собиқ эр ёки хотин бўлиши мумкин, лекин собиқ фарзандлар бўлмайди. Суд ҳам шу маданият доирасида бўлади. Қонунчиликда алимент тўлаш бўйича нотариал тасдиқланадиган келишув ҳам бор.

Бизда эса собиқ эр-хотинлар судни жуда ёмон нарса сифатида қабул қилиб, баттар ўчакишиб, душман бўлиб қолади. Алимент тўламаслик ҳам ўчакиш оқибатида юзага келади. Ўртада болалар тақдири қолиб кетади. Шунинг учун келишув институтларини шакллантириш керак. Биз яна бир амалиётни йўлга қўйдик. Арзимаган сабабларга кўра ажрашиб кетган, ҳозир сарсон бўлиб юрган эр-хотинларни яраштиряпмиз, гарчи ваколатимизга кирмаса-да. Агар оилани умуман сақлаб қолиш имкони бўлмаса, ажрашишларда икки томонга рағбатлар бериб, келишувга имкон яратиб, маданият билан ажрашадиган қилиш керак. Алимент ундириш – қонунбузарликка мойил, ҳақиқий тўламаётганлардан бўлиши керак. Принципиаллик қилиб атай тўламай юриш... [бўлмаслиги керак]. Ўзи умуман, алимент, коммунал тўлов, ҳайдовчилар жаримаси кабилар МИБгача етиб келмаслиги, бошқача механизм бўлиши керак. Чунки бу турдаги ундиришлар давлат ва фуқаролар ўртасида таранглик келтириб чиқаради. Бизнинг юклама ҳам камаяр эди. Ҳозирда МИБда ҳам замонавий ишлаш тизимларига ўтиляпти масалаларни осон ҳал қилиш учун.

– Суҳбат давомида айтдингиз, ундирувда майда ишлар сони жудаям кўп. Умуман МИБда кичик суммадаги ва маиший-оилавий масалалар билан боғлиқ иш ҳужжатлари қанчани ташкил қилади?

— Аксариятининг суммаси 1 млн сўмгача ҳам етмайдиган ундирувдаги ишлар умумий ундирувнинг деярли 50 фоизини ташкил қилади. Бундай турдаги ишларни соддалаштириш кўзда тутиляпти. Яъни телефон орқали огоҳлантириш ёки иш ҳақидан ечиб олиш. Иш ҳақидан ушлаб қолишда 5 кун олдин огоҳлантирилади, шу вақт ичида тўламаса, иш ҳақидан ушлаб қолинади. Ва иш ҳақидан ушланадиган қарзлар энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кўп бўлмаслиги керак, бундан ташқари, ушлаб қолинадиган сумма ойлик маошининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Жорий йилнинг 8 ойида 3 млн 700 минг ижро ҳужжатлари бўлган бўлса, шуларнинг 1,5 млндан ортиғи мана шундай майда қарздорлик ҳужжатлари.

Таҳлил қилсак, бундай муаммоларни ҳал қилиш осон. Ўзимизга ўзимиз муаммони кўпайтириб ётибмиз. Йўл ҳаракати билан боғлиқ жарималар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган, бизга ҳам босим бу. Балки радарлар кўпайиб кетгани учундир. Ақлли чорраҳалар, балли тизим ва шу каби муаммо ечимига қаратилган ишлар бўлиши керак. Ўзимизга ўзимиз муаммо яратамиз, ижрочилар югуради, кейин содда тизимлар ўйлашга тушамиз — шунақа. Бу тарафда ҳақиқий ечилиши керак бўлган ишлар бор бизда ҳам.

Алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ўртача 300 мингта бўлади, аниқ сон айтолмайман, чунки ҳар куни ўзгаради. 2,5 мингта ходим бўлса, ҳай ойда ҳар бир ходимимизга биргина алимент ҳужжати 100 ошиқ тўғри келяпти. Бу анча катта юклама, ҳали бошқа ишлар ҳам бор. Алимент — фарзанд 18 ёшга тўлгунча тўланади, иш тўхтамайди. Ижрочи 18 йил давомида ҳар ой битта ишни қилиши керак. Лекин, афсуски алиментлар 18 йилда ҳам тўхтамайди, ундан кейин ҳам яна қаердадир ажрашиш бўлади ва яна бир бола бу занжирга қўшилади. Ўзи бу ажралишлар оилага тааллуқли барча ташкилот, жамоатчилик учун ҳам катта муаммо.

Ажрашишлар сабаблари жуда кўп, соатлаб гапириш мумкин. Арзимаган сабаблар бор, оилага тайёр эмаслик, учинчи шахс аралашувлари. Тўғри, бу бизнинг иш эмас, лекин бу нарсаларни кўриб юрибмиз. Бундай ишларнинг ижро ҳужжатларини эса 70-80 фоизгача камайтириш мумкин. соддалаштириш, альтернативалар орқали. Қўполроқ бўлса ҳам, айтаман, ажрашиш маданиятини шакллантириш керак. Эр-хотин фарзанди келажагини ўйлаб, келишув институтлари ишлаши лозим.

Тўлиқ интервю билан юқоридаги видео орқали танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид