Ўзбекистон | 18:04 / 18.10.2023
24837
7 дақиқада ўқилади

“Улар бир нечта” – сиёсатшунос Ўзбекистоннинг “Толибон”га таъсир ричаглари ҳақида 

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов Kun.uz’га берган интервюсида “Толибон” қураётган Қўштепа канали ва ўзаро музокараларда Ўзбекистоннинг таъсир ричаглари ҳақида гапирди. 

— Суҳроб ака, “Толибон”нинг Қўштепа каналини қуришдан мақсади Афғонистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бу орқали ҳукумат яшовчанлигини ошириш.

Ўтган чоршанба куни канал қурилишининг иккинчи босқичига старт бериларкан, у ерда бош вазирнинг 2-ўринбосари Абдулсалом Ҳанафий томонидан “қўшниларимиз бундан хавотир олмасин. Худо хоҳласа, Амударёдан қанча фойдалансак ҳам, барибир Афғонистон ҳақли бўлган даражага етмаймиз”, – деган фикр айтилди. Сизнингча, бугунги “Толибон” ваъдаларига қанчалик ишониш мумкин? 

— Бу ерда масаланинг сиёсий оқибатлари ҳам бор. Абдулҳафиз Ҳанафийнинг фақат ўзи бу фикрларни айтмади, ундан ташқари бош вазирнинг биринчи ўринбосари, мудофаа вазири, ички ишлар вазири, ташқи ишлар вазири ўринбосарлари ҳам шу маънодаги баёнотлар берди. Бу фикрлар орасида биринчи бор қўшни давлатларнинг сувга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва сувдан қурол сифатида фойдаланмаслик учун дипломатик чоралар кўрамиз, деган фикр ҳам билдирилди. “Толибон”нинг канал борасида дипломатик йўллар ҳақида биринчи гапи бўлди бу. Олдин бундай фикрлар янграмаган эди.

Ўтган 2 йилни сарҳисоб қилсак, “Толибон” дунё ҳамжамиятига берган бирор ваъдасини бажармади. Айниқса, қўшни давлатлар ҳудудига таҳдид бўлмаслиги ҳақидаги гаплар ўзини оқламаяпти, чунки деярли барча қўшни давлатлар билан муаммолар вужудга келди.

“Толибон”нинг энергетика ва сув хўжалиги вазири биз сув бўйича конвенцияларни ратификация қилмаганмиз ва хоҳлаганча фойдаланамиз, деган маънода ҳам гапирди. Мана шу томони хавотирли. “Толибон” канални қуриб бўлгач, ундан истаганича фойдаланиши ва энг ёмони — сиёсий таъсир воситасига айлантириши мумкин. Сиёсий таъсирдан ҳам ёмонроғи эса геосиёсий таъсир. Канал қурилишини “Толибон”нинг ўзи ҳеч қачон амалга оширолмайди. Бу лойиҳа “Толибон” ҳукуматга келишидан олдин ишлаб чиқилган ва бу уларни ҳокимиятга олиб келган кучлар томонидан қилинган.

— Ҳозирги жараёнларда Ўзбекистон томонининг дипломатияси қандай ишлаяпти, деган савол ҳам ўртага ташланиши керак. Бугун икки томонлама мулоқотлар давом этмоқда. Тўғри, ўртада жуда катта масала учун ишланмоқда ва мулоқотлар осон бўлмаслигини тушунамиз. Лекин биз ОАВ сифатида бу жараённи сўроқлашга, ишларнинг бориши ҳақида маълумот олиб туришга ҳақлимиз. Шу маънода, музокаралар жуда секин кетяпти, натижа кўринмаяпти, дипломатлар жараёнлар ҳақида парламент қўшма палатаси олдида катта ҳисобот бериши керак, деган танқидларга қандай қарайсиз?

— Бир нарса аниқ, “Толибон”нинг ортида катта кучлар турибди. Улар билан муросага келиш, мулоқот қилиш осон кечмайди. Канал лойиҳасига “Толибон”нинг салоҳияти етарли эмасди. Маълумотларга кўра, собиқ Афғонистон ҳукумати даврида АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан лойиҳалаштирилган ва тузилмаси ишлаб чиқилган. Сўнгги бўлган воқеалар ҳам шундан дарак беради. Афғонистондан Эронга ўтувчи Ҳилманд дарёсидаги Банди Камолхон тўғонини “Толибон” ҳукумати тўсиб қўйди. Икки ўртада катта можаро келиб чиқди. Баъзи “Толибон” вакиллари биз Теҳронни ҳам эгаллашимиз мумкин, деган фикрларни айтди. Яъни вазиятни уруш даражасигача кўтаряпти. Бу можаро ва унда айтилган фикрлар Марказий Осиё давлатларига ҳам маълум маънодаги сигнал ҳисобланади. Эроннинг минтақадаги таъсир механизмига қарши курашмоқчи бўлган кучлар бу лойиҳадан манфаатдор. Биринчи навбатда АҚШ. АҚШ Афғонистондан чиқиб кетгач, Марказий Осиёга таъсир механизмини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд эди. Кўп босқичли музокаралар махфий ўтказилганди. Ҳали якун нима бўлиши ноаниқ.

Фикримча, “Толибон” Марказий Осиё минтақасига қолдирилган “Троя оти”. Ҳали кўп бошоғриқ бўлади Марказий Осиё учун.

Хитой Афғонистонда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Аммо айнан Қўштепа масаласида манфаатдор эмас, чунки Хитой Эрон ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни ёмонлаштиришни истамайди. Чиндан ҳам, Хитой Афғонистондаги лойиҳаларни молиялаштиряпти, аммо лойиҳани ишлаб чиқишда, уни геосиёсий таъсир механизмига айлантиришда Хитойнинг қўли йўқ.

Воқеалар сценарийсини таҳлил қиладиган бўлсак, бунда айрим Форс кўрфази араб монархияларининг ҳам қўли бор.

Ўзбекистон дипломатияси секин ишлаётгандек кўриниши мумкин. Лекин дипломатияда бирорта музокара ўтказиш осон иш эмас, айниқса “Толибон” каби характердаги ҳукуматлар билан. Менимча, дипломатларимиз ҳаракат қиляпти, лекин “Толибон” рози бўлмаяпти. Қанча ҳаракат қилган сари талаблар қўйяпти.

Хўш, қандай таъсир ричагларимиз бор? Биласиз, бир муддат аввал Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган темирйўлни вақтинча тўхтатиб қўйди, натижада қўшниларимиз биринчи марта муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қиламиз деган баёнот бера бошлади. Биздаги таъсир воситаларимиздан биринчиси — темирйўл. БМТ маълумотига кўра, бугун Афғонистоннинг 60 фоизга яқин аҳолиси (28 млнга яқин) гуманитар эҳтиёжга эга. Гуманитар юклар эса фақат Ўзбекистон орқали ўтяпти. Шу йўлаклар шундай тўхтатилса, улар биз билан ҳисоблашишга ўтади. Бундан ташқари, электр энергияси орқали таъсир ҳам бор, яъни Кобулга узлуксиз электр биздан боради.

Яна бир қалтис бўлган воситамиз бор — Афғонистон ўзбеклари. Улар ҳар томонлама бизга боғлиқ. Балки шу масалани ҳам ўртага олиб чиқиш вақти келгандир. Битта таъсир воситаси бир марта қўллангач, таъсири камаяди, иммунитет ҳосил қилади қарши томон. Шунинг учун дипломатияда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Музокара сувни тўғри тақсимлашга қаратилиши керак, агар ҳарбий ечимлар ўртага ташланса, худди Эронга бўлган таҳдидлар бўлади бизга ҳам.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид