Жаҳон | 01:08 / 21.10.2023
10231
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Байденнинг молиявий ёрдам ҳақидаги илтимосини кўриб чиқишни кечиктирди

Жо Байден Конгрессга Украина ва Исроилни қўшимча молиялаштириш тўғрисида сўровини юборган эди. Бироқ, Вакиллар палатасида спикерни сайлаш билан боғлиқ муаммолар президент сўровини кўриб чиқишга тўсқинлик қилмоқда.

Фото: AP

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига янги спикер сайланмагунча, президент Жо Байденнинг Украина ва Исроилга ёрдам бериш учун қўшимча маблағ ажратиш ҳақидаги сўровига оид қонун лойиҳасини қабул қила олмайди.

CNN телеканалининг таъкидлашича, спикерсиз палата бюджет бўйича музокара олиб боролмайди ва қонунлар қабул қилолмайди.

21 октябр куни эрталаб Вакиллар палатаси овоз беришнинг учинчи босқичидан кейин яна янги спикерни сайлай олмади. CNN маълумотларига кўра, 194 нафар республикачи Жим Жордан номзодини қўллаб-қувватлаган. Унинг рақиби, демократ Ҳаким Жеффрис эса 210 овоз олган. Спикерлик лавозимини эгаллаш учун камида 217 овоз тўплаш талаб этилади.

Энди Вакиллар палатаси 23 октябр куни янги номзодларни муҳокама қилишга қайтади. Конгрессменлар 29 октябргача янги номзод кўрсатиши керак.

Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга қўшимча молиялаштириш, жумладан, Украинага бир йил давомида 61,4 миллиард долларлик молиявий ёрдам, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш сўровини юборган эди. Бироқ Конгресс Вакиллар палатасида янги спикер сайланмагунча қонун лойиҳасини қабул қила олмайди.

Мавзуга оид