Ўзбекистон | 15:36 / 24.10.2023
41140
2 дақиқада ўқилади

Учкўприк туманида ҳокимлик ходимлари карта ўйнаётгани акс этган сурат тарқалди

Фарғона вилояти Учкўприк туман ҳокими ёрдамчиси ва молия бўлими бошлиғи иш жойида қимор ўйнагани айтилмоқда, ҳокимлик бу маълумотни ўрганмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк тумани молия бўлими бошлиғи ва туман ҳокими ёрдамчиси карта ўйнаётгани акс этган сурат тарқалди. Унда расмий идора хонаси экани кўриниб турган жойда бир гуруҳ шахслар кўрпача солиб, пул тиккан ҳолда карта ўйнаб ўтирганини кўриш мумкин.

Сурат тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, фойдаланувчилардан бири ўйинга маҳаллий бюджет пуллари тикиб юборилган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган. «Ишқилиб, маҳаллий бюджетни тиквормаган бўлсин-да», дейилади изоҳда.

Учкўприк тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирган.

«Мазкур ҳолат Учкўприк тумани ҳокимлиги ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларда қайд этилган давлат ташкилотларининг вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади ҳокимлик изоҳида.

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат юзасидан бугун шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган низоми билан ҳокимлик одоб-ахлоқ комиссияси йиғилиши бўлиб ўтиши ҳам кутилмоқда.

Мавзуга оид