Ўзбекистон | 16:11 / 25.10.2023
12645
4 дақиқада ўқилади

Фермерларга кластерларни ихтиёрий танлаш имконияти берилиши мумкин

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш бўйича топшириқ берди.

«Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради.

Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, буни ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йил давомида вилоятда 370 миллион долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.

Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш топширилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент бу йилги мавсумдан тўғри сабоқлар чиқариб, қишлоқ хўжалигидаги ёндашувларни ҳам ўзгартириш вақти келганини кўрсатиб ўтди ҳамда ҳозирда келгуси йилдан бошлаб фермерларга кластерларни ихтиёрий танлаш ҳамда ҳосилнинг шартномадан ортиқча қисмини эркин сотиш имкониятини бериш масаласи муҳокама қилинаётганини айтди.

Келгуси йилда Қашқадарёда экин майдонларининг агрокимёвий тупроқ таҳлилини ўтказадиган 10 та мобил лаборатория ташкил қилинадиган бўлди. 

Яна бир масала – вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу – 7 миллион бош қорамол ва қуй-эчки учун табиий озуқа базаси.

Лекин, Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида яшил қоплама йўқ.

Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастурини амалга ошириш вазифаси қўйилди. 

Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, кўп йиллик дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади ҳамда қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг «Ассаф» қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.

Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент экинларни сув билан таъминлаш масаласи йилдан йилга тобора қийинлашиб бораётганига эътибор қаратди. Бу муаммо Қашқадарё учун айниқса долзарб.

Лекин сув тежовчи технологиялар 515 минг гектардан атиги 16 фоизида жорий қилинган.

Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш суръати Китоб, Чироқчи, Касби ва Нишонда орқада. Косон, Миришкор, Касби ва Нишонда ерни лазерли текислашга эътибор берилмаяпти.

Шу боис, вилоятга 15 та лазерли текислаш техникаси олиб келиниб, сув таъминоти оғир Косон, Миришкор, Касби ва Нишонда деҳқонларга арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Суғориш тармоғини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиб, 30 фоиз сувни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга 50 километр каналларни бетонлаш лойиҳасини бошлаш, қўшимча насос ва техника олиш, Пахтаобод каналини модернизация қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид