Жаҳон | 21:40 / 25.10.2023
29369
4 дақиқада ўқилади

“ҲАМАСнинг ҳужуми йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмади” — Антониу Гутерриш

Фаластин халқи 56 йилдирки сиқиб чиқарувчи босқинчиликка дучор бўляпти, деб баёнот берди БМТ бош котиби. “Уларнинг ерлари аҳоли пунктлари қуриш орқали ютиб юбориляпти, иқтисодиёти бўғиб қўйилди, халқи кўчириб юборилди, уйлари эса бузиб ташланди”, деди Гутерриш. Бунга жавобан Исроил расмийлари унинг истеъфосини талаб қилиб, БМТ ходимларига энди виза берилмаслигини маълум қилди.

Фото: AP / Seth Wenig

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгашининг 24 октябр кунги йиғилишида Яқин Шарқдаги вазият борган сари оғирлашиб бораётганини айтиб, барча томонларни тинч аҳолини ҳурмат ва ҳимоя қилишга чақирди.

“Мен ҲАМАС томонидан 7 октябр куни Исроилда содир этилган даҳшатли ва мисли кўрилмаган террористик ҳаракатларни сўзсиз қораладим. Олдиндан мақсад қилинган қотилликлар, жароҳат етказишлар ва тинч аҳолини гаровга олишни, шунингдек, фуқаролик объектларини нишонга олишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, – деди БМТ раҳбари.

Шу билан бирга, у ҲАМАСнинг ҳужумлари “йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмагани”ни таъкидлади.

“ҲАМАСнинг ҳужумлари йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмаганини тан олиш муҳим аҳамиятга эга. Фаластин халқи 56 йилдирки сиқиб чиқарувчи босқинчиликка дучор бўляпти. Уларнинг ерлари уларнинг кўз олдида доимий равишда аҳоли пунктлари қуриш орқали ютиб юбориляпти, зўравонликлар бўляпти. Уларнинг иқтисодиёти бўғиб қўйилди, халқи кўчириб юборилди, уйлари эса бузиб ташланди. Аянчли аҳволни сиёсий йўл билан ҳал қилишга бўлган умидлари эса пучга чиқяпти.

Лекин ҲАМАСнинг даҳшатли ҳужумларини Фаластин халқининг чеккан озорлари билан оқлаб бўлмайди. Ўз навбатида, Фаластин халқининг оммавий жазоланаётганини ҳам бу даҳшатли ҳужумлар билан оқлаб бўлмайди”, – деди Гутерриш.

Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн БМТ етакчисига жавоб қайтараркан, ундан “Қайси дунёда яшаяпсиз?” деб сўради ва ҲАМАС ҳаракатини “янги нацистлар” деб атади.

“Биз нафақат ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгамиз, балки бунга мажбурмиз. Бу – ҳуқуқ эмас, бу – мажбурият. Ҳаммангизга қарата айтмоқчиман, Ғарб – бу кейингиси! Бу уруш бизга, бизнинг зиммамизга юклаб қўйилган. Бу фақат Исроилнинг уруши эмас. Бу – эркин дунёнинг уруши.

Мутаносиб бўлинглар деган чақириқларни эшитяпман. Ўт очишни тўхтатишга чақириқлар бўляпти. Айтингларчи, боланинг ўлдирилишига, аёл кишининг зўрланишига, чақалоқнинг боши олинишига нисбатан қанақа мутаносиб жавоб бўлиши мумкин?

Сени ўлдиришга ва йўқ қилиб юборишга қасам ичганлар билан қандай қилиб ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиш мумкин?” – деди Исроил ташқи сиёсий идораси раҳбари.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрнан эса Гутерришни терроризмга хайрихоҳлик билдиришда айблаб, ундан дарҳол истеъфога чиқишни талаб қилди.

“Бош котиб истеъфога чиқиши шарт деб ўйлайман. Биз бугун уни узр сўрашга чақирдик. Шу ондан бошлаб, у мана шу бинода бўлар экан, зудлик билан узр сўрамагунча, бу бинонинг мавжуд бўлиши учун асос йўқ. Бу бино ваҳшийликларнинг олдини олиш учун қурилган. Қандай қилиб бош котиб ўзининг сўзлари билан бизнинг бегуноҳ тинч аҳолимизга қилинган даҳшатли ваҳшийликларни оқлаши мумкин?” – деди у.

Гилад Эрнан кейинроқ қилган чиқишида Исроил энди БМТ вакилларига виза бермаслигини қўшимча қилди.

25 октябр куни БМТ раҳбари ўзининг сўзларига Исроил томонидан бўлган реакцияга муносабат билдирди.

“Айрим баёнотларимнинг нотўғри талқин қилинганидан шокдаман. Ҳуддики мен ҲАМАСнинг террорчилик ҳаракатларини оқлаётган эмишман. Ундай эмас, аксинча”, – деди Антониу Гутерриш бу сафар ҳам тўғридан тўғри Исроилни тилга олмаган ҳолда.

Тел-Авивга кўра, ҲАМАСнинг ҳужуми оқибатида Исроилдан 1400 киши ҳалок бўлган, 222 киши гаровга олинган. ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида анклавда 6500дан ортиқ киши ўлдирилганини билдирган.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид