Жаҳон | 21:32 / 26.10.2023
3766
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги қочқинлар сони рекорд даражада ошди — БМТ 

Украина, Судан, Конго Демократик Республикаси ва Мянмадаги можаролар, шунингдек, Сомалидаги қурғоқчилик ва сув тошқинлари ҳамда Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқироз қочқинлар кўпайишининг асосий омили бўлган. 

Фото: UNHCR

2023 йил бошидан (сентябр ойи охиригача) бутун дунё бўйлаб 114 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди, бу «халқаро ҳамжамият можароларни ҳал эта олмаганини кўрсатувчи янги рекорддир», дейилади БМТ қочқинлар бўйича агентлиги (UNHCR) ҳисоботида. 

Қочқинлар сони ошишининг асосий омиллари сифатида Украина, Судан, Конго Демократик Республикаси ва Мянмадаги можаролар, шунингдек, Сомалидаги қурғоқчилик ва сув тошқинлари ҳамда Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқироз кўрсатилган. 

«Ҳозир дунёнинг диққат маркази Ғазо секторидаги гуманитар фалокатга қаратилган. Аммо бутун дунё бўйлаб жуда кўп можаролар тарқалмоқда ёки авж олмоқда, беайб одамлар ўлмоқда ёки ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда», деди БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди. 

Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият можароларни бартараф эта олмагани ёки янгиларининг олдини ололмагани «қочқинлар сонининг ортиши ва азоб-уқубатга дучор бўлишига олиб келади». 

Ҳисоботда, шунингдек, мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлганлар қочқинларнинг 57 фоизини ташкил этиши айтилган. Шу билан бирга, чет элга қочиб ўтганларнинг аксарияти (75 фоизи) паст ва ўрта даромадли мамлакатлар томонидан қабул қилинган. 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида дунё бўйлаб 1,6 миллион шахс бошпана сўраб мурожаат қилган, бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичдир. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид