Ўзбекистон | 15:10 / 28.10.2023
26445
6 дақиқада ўқилади

Мевалар ишқибози – бир дарахтга 70 хил олма пайванд қилган олтиариқлик боғбон

Олтиариқлик боғбон Абдулвоҳид Мирзажонов боғини ораласангиз кўзингиз қувнайди. Абдулвоҳид ака томорқасида айни пайтда аватар, лорус, ред глоб, велес, маникюр фингер, ламборжини каби узумнинг антиқа навлари ғарқ пишиб ётибди. Боғбон хорижнинг донғи кетган бир қанча узум навлари ҳамда олма, нок, бодом, шафтоли новдаларини олиб келиб пайвандлаб кўчат қилиб сотади. Унинг машҳур узум кўчатлари ҳатто Бирлашган Араб Амирлиги, Туркия, Грузия, Туркманистон, Қозоғистонга ҳам кириб борган. 

Энг қизиғи ҳали олдинда. Боғбон бир дарахтнинг ўзига дунёнинг 70 хил олмасини пайвандлаган. Улар аллақачон ҳосил беришни бошлаган ҳам.

“Бир пайтлар Олтиариқ турпи билан машҳур эди. Ҳозир эса боғдорчиликда машҳур”, – дейди боғбон.

“Ота-бобомиз деҳқончилик билан шуғулланган. Болаликдан отамиз ёнида юриб деҳқончилик, боғбончилик сирларини ўргандик. Олий маълумотлиман, бир муддат соҳам бўйича ишладим ҳам, лекин барибир ота касбга тортиб кетдик-да.

Кўчатчилик, пайвандчиликка қизиқаман. Битта олмага 70 хилдан ортиқ олма ва нок навларини пайвандлаганман. Қайси давлатга ёки вилоятга борсам, ўша ердан яхши олма кўчатларини олиб келаман. Искана куртак пайванд қилганман, ҳатто баргига пайванд қилганман, кўпчилик бундай пайвандлашни унча тушунмайди. Бир шохнинг ўзида бир неча хил олма бўлади.

Пайвандланган катта дарахтнинг мевасини кўриб, яхши бўлгач, боғдаги бир йиллик кўчат дарахтларга пайвандлаб чиқамиз. Олмадан ташқари нок, шафтоли, гилос, ўрик, бодом, писта каби бир неча хил мевали дарахт кўчатларимиз бор.

Жами 200 хилдан ортиқ мева навлари бор, ўшалардан олиб янги бир йиллик кўчатларга пайвандлаб чиқамиз. 60 хилдан ортиқ узум навимиз ҳам бор, Европа, Америка қитъаларидан келган. Ҳаж сафарига борганимда бир неча хил нок, гул кўчатларини олиб келдим. Маккада ҳам ишларимга қизиқиб қолиб, бир неча ой тажриба бериб кетинг, ҳукуматга чиқамиз, маблағ қилиб беришади, деб қолишди.

Бир дарахтнинг ўзида Украина, Полша, Германия, Россия, Нидерландиядан келган олмалар бор. Европанинг олмалари қаттиқроқ ва чидамли бўлади. Pink lady олмаси қишдан чиқиб баҳорда ҳам дарахт шохида туравераркан, ўтган йили шундай бўлди. Адашиб кетмаслик учун дарахт шохларига ёзув илиб қўяман нави, қаердан келгани ҳақида.

Бу йил бизда узумлар нархи ўтган йилгидан қиммат бўлди. Чунки қишда кўп токларни совуқ уриб кетди. Боғбонларда ҳам айб бор, баъзилари агротехникани яхши билмайди. Совуқ 10 градусдан ошдими, боғга сув қўйиш керак, шунда сувнинг ҳовури билан боғда совуқ нисбатан пасаяди. Сув совуқнинг заҳрини олади. Дуд қўйиб қўйса ҳам бўлади, дуд ҳам совуқ ҳавони иситишга ёрдам беради. Шунга ўхшаш боғбончиликнинг сирлари бор.

Узум навларимиз ҳам ҳар жойдан келтирилган, 60 хилдан ортиқ. Асосий эътибор бераётганимиз данаги йўқ ёки кам бўлган узумлар, чунки экспортбоп бўлади бундай навлар. Бизнинг асосий экспорт бозоримиз — Россия, бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам чиқади. Энди Ғарб давлатларига ҳам чиқиб боришимиз керак, Европада асосан данаксиз узумлар истеъмол қилинади. Данаксиз бўлишдан ташқари чидамли бўлиши керак узоқ мамлакатларга етказиш учун, шунинг учун бундай навларни кўпайтиришимиз лозим. Ҳозир ўзимизда ўнлаб Европа узум навлари бор, бемалол кўчат бўйича бизга мурожаат қилишлари мумкин. Кўчатларни баргларидан фарқлайман мен. Узум пайвандлашда қайси узумнинг томири бақувват, тез сурадиган бўлса, ўша узумга пайванд қиламан.

Асосан узум навлари Украина, Тожикистондан келади. Бу йил 25 хил узум олиб келдик. Япония узумидан ҳам олиб келдик, унинг катталиги ёнғоқдек келади, экспортбоп узум. Энг яхши навлар аватар, ҳелловен, ред глоб, ризамат, қора кишмиш каби узумлар навлари. Биз фақат Россия бозорини ўйламаслигимиз керак, вазият ҳам ҳар хил бўляпти, энди Европага чиқиб бориш керак. Ҳукуматимиз ҳам шунга эътибор беряпти.

Кишмиш, тоифи, Ризамат ота, ҳусайни узум навлари республикамизнинг 90-95 фоиз узумчилигида бор. Бу навлар йўқ бўлмайди, чунки ички бозор ва қўшни мамлакатлар яхши тортади бу навларни. Лекин Европа учун бошқача навларни кўпайтиришимиз керак.

Вақтли пишадиган шафтолиларимиз бор, бу йил 45 мингдан сотилди ўшалар. Кўчати бир йилда мевага киради. Олувчилар хурсанд бўлади.

2013 йилда АҚШга бордим. У ерда фермер, деҳқонлар билан танишдик. Бодомзорларни кўрдик, қарасам, зўр мевалаган бодомлар. Кейин қандай навлигини сўрадим, Худоёрхон даврида ўзимиздан олиб борилган бодом экан. Ўша бодом навини излаб топдим, серҳосил, жуда ширин, арчилиши осон бодом экан. Ҳозир кўпчилик шунинг кўчатдан оляпти.

Булардан ташқари, шафтоли, ўрик, тут, гилос каби мева кўчатлар бор. Ҳар хил нав, бири эрта пишади, бири кечпишар. Бўтасимон гожи дарахтини ҳам олиб келганмиз, жуда шифобахш бўлади. Қондаги зарарли моддаларни кетказиб, даволайди. Кўчатини сотяпмиз ҳозир, ҳар бир хонадонда бўлиши керак бундай шифобахш дарахт”, – дейди Абдулвоҳид Мирзажонов

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид