Иқтисодиёт | 11:51 / 01.11.2023
19051
2 дақиқада ўқилади

2024 йил учун бюджет қонуни лойиҳаси эълон қилинди

2024 йил учун давлат бюджети даромадлари 270,3 трлн сўмни, харажатлар эса 279,6 трлн сўмни ташкил қилади. ЯИМ ўсиш суръати прогнози - 5,6-5,8 фоиз.

“2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, 2024 йил учун Давлат бюджети даромадлари 270,3 трлн сўм, харажатлари эса (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 279,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдорини ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгилаш таклиф қилинмоқда.

Бюджети тақчиллигининг юқори чегараси 52,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

2024 йил учун ялпи ички маҳсулот 1 квадриум 301 трлн сўмни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда. ЯИМ ўсиш суръати прогнози - 5,6-5,8 фоиз.

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5 млрд доллар этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Шундан:

• Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,5 млрд доллар;

• Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд доллар миқдорида.

2024 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 25 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Мавзуга оид