Спорт | 19:16 / 03.11.2023
22563
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон теннисчиси келишилган ўйинларда қатнашгани учун дисквалификация қилинди 

Санжар Файзиев 3,5 йилга четлатилди ва жаримага тортилди. 

Санжар Файзиев

Халқаро теннисда ҳалоллик учун курашувчи агентлик (ITIA) Қозоғистон, Ўзбекистон ва Исроил теннисчиларини келишилган ўйинларда иштирок этгани учун дисквалификация қилди. 

Жумладан, Ўзбекистон вакили Санжар Файзиев бешта келишилган ўйинда иштирок этганликда айбдор деб топилди. У 3,5 йилга дисквалификация қилинди ва 15 минг доллар жаримага тортилди. 

Қозоғистонлик Тимур Хабибулин 21 та келишилган ўйинда иштирок этгани учун теннисдан умрбод четлатилди ва 60 минг доллар жаримага тортилди. 

Исроиллик Игор Смиланский 4 минг доллар жарима билан 2 йилга дисквалификация қилинди. У 3 та келишилган ўйинда иштирок этган. 

Дисквалификация муддати 2023 йил 25 июлдан - спортчилар вақтинча четлатилган кундан бошлаб ҳисобланади. Жазо даврида уларга теннис ўйнаш, мураббийлик қилиш ёки теннис мусобақаларида қатнашиш тақиқланади. 

Санжар Файзиев Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси ҳисобланади. У 2017 йилда ATP яккалик рейтингида ўзи учун энг юқори - 253-ўринга кўтарилган. Қозоғистон ва Исроил вакилидан фарқли равишда Ўзбекистон вакили бу йил профессионал мусобақаларда қатнашган, жумладан, Дэвис Кубогида АҚШ теннисчиларига қарши ўйнаган эди. 

Мавзуга оид