Иқтисодиёт | 17:15 / 04.11.2023
50261
4 дақиқада ўқилади

Ишонч ёрлиғи. Нега ЖСТга кириш керак?

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, умумий қабул қилинган қоидалар бўйича ташқи савдо сиёсатини олиб боришга ўтади, халқаро ҳамжамият олдидаги ҳисобдорлиги ортади. Бу эса мамлакатда сунъий равишда ушлаб турилган монополияларнинг барҳам топишига замин яратади.

Фото: Kun.uz

Жорий йил 16 ноябр куни Женева шаҳрида Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига кабул килиш бўйича ишчи гуруҳининг 7-йиғилиши бўлиб ўтади. Учрашув чоғида жараённи тезлаштириш масаласи бўйича музокаралар олиб борилиши режалаштирилган.

Хўш, ЖСТга қўшилиш нима учун муҳим ва қандай имкониятларни тақдим этади?

Биринчидан, бу – ишонч. Ташкилотга аъзо давлатга инвесторлар кириб келиши ошади, чунки сармоядорларда Ўзбекистон исталган пайтда “ўйин қоидалари”ни ўзгартириб, ўзига мослаштира олмайди, деган қараш пайдо бўлади. Яъни аъзо бўлишдан олдин 164 та давлат ва ЖСТ олдида аниқ мажбуриятларни қабул қилиш керак. Инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши янги иш ўринлари яратилишига, ўрта муддатли истиқболда эса ташкилотга аъзолик инфляция пасайишига ҳам замин яратади.

Иккинчидан, Ўзбекистон томонининг ҳам инвестор сифатида бошқа бозорларга кириши анча осонлашади, чунки ўртада ўзаро шартномалар пайдо бўлади. Маҳсулот экспорт қилиш учун янги бозорлар очилади. Маълумки, Ўзбекистон денгиздан анча узоқда жойлашган ва экспорт амалга ошириш учун бир нечта давлатлар чегараларини босиб ўтишига тўғри келади. ЖСТга қўшилиш четга товар экспорт қилиш учун чегараларни кесиб ўтишни осонлаштиради.

Учинчидан, ички бозордаги рақобатбардошлик кучаяди. ЖСТнинг асосий тамойили – эркин, очиқ ва шаффоф рақобат ҳисобланади. Агар Ўзбекистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинса, босқичма-босқич бўлса-да протекционизмдан воз кечиши керак. Бу биринчи навбатда, божхона тарифлари камайиши ҳисобига истеъмолчиларга арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилади. Хомашё нархи пасайиши ҳисобига маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам арзонлашади ва халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ортади. Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.

Хусусан, мамлакат ичидаги айрим монопол компанияларнинг ички бозордаги устун мавқейига чек қўйилади. Марказий банк таҳлилларига кўра, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши натижасида импорт учун божхона тарифларининг қисқариши, шунингдек Ўзбекистонда қўшимча автоулов ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши автомобил бозоридаги таклиф ҳажмини оширади. Бу эса, ички бозордаги нархларнинг пасайишига сабаб бўлади. Хусусан, муайян характеристикага эга автомобилларни олиб киришда ҳозир 30 ёки 40 фоизлик бож бўладиган бўлса, ЖСТга аъзо давлатлар Ўзбекистон олдига ушбу кўрсаткични 5 ёки 10 фоизгача пасайтириш мажбуриятини қўйиши мумкин.

Тўртинчидан, бюрократия камаяди. Халқаро савдо муносабатларида божлар савдо алоқалари тўсилишига қанчалик муаммо деб қаралса, нотариф тўсиқларга ҳам шундай кўрилади.

Нотариф тўсиқлар бу – турли хил сертификатлар, стандартлар, карантин қоидалари, қарор ва фармонлар орқали ўзаро савдога халақит берувчи, рақобатни бузувчи сунъий жорий қилинган воситалар. Бу ҳам импорт маҳсулотлари нархининг ошишига, савдо эркинлигига халал беради.

Умумун олганда, ЖСТга кириш Ўзбекистон ташқи савдосини қай даражада эркинлаштириши олиб борилаётган музокара жараёнларига боғлиқ. Чунки кўп мамлакатлар ЖСТга кираётганида преференциялар ва баъзи истисно ҳолатларни сақлаб қолишга, ўзининг ички ишлаб чиқарувчиларини нисбатан узоқроқ вақт давомида ҳимоя қилиб туришга ҳаракат қилади. Шу жиҳатдан, қисқа муддатли даврда ташкилотга қўшилишимиз ташқи савдони кескин даражада эркинлаштириб юбормаслиги мумкин. Аммо ташкилот қоидалари мамлакат миқёсида ҳаммага бирданига ҳимоя чорасини қўллашга рухсат бермайди. Бу муайян чекланган соҳаларда қисқа муддатга берилади холос.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид