Жаҳон | 21:12 / 05.11.2023
19638
3 дақиқада ўқилади

Қодировнинг 15 ёшли ўғли унинг хавфсизлик бўлими бошлиғи бўлди

Чеченистон ахборот вазири Аҳмед Дудаев ўсмирни «муҳим» ва «масъулиятли» иш – Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг хавфсизлик бўлими бошлиғи лавозимига тайинлангани билан табриклади.

Фото: Telegram / akhmeddudaev

2023 йил сентябр ойида Чеченистон тергов изоляторида Қуръонни ёқиб юборган талаба Никита Журавелни калтаклаган 15 ёшли Адам Қодиров отаси Рамзан Қодировнинг хавфсизлик хизматида «муҳим» ва «масъулиятли» лавозимга тайинланди. Бу ҳақда 4 ноябр куни республика миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот бўйича вазири Аҳмед Дудаев Telegram'да маълум қилди. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг Аҳмад Қодиров номидаги Чеченистон бўйича махсус полки командири Замид Чалаев Instagram блогида гап Чеченистон раҳбарининг хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи лавозими ҳақида кетаётганига аниқлик киритди. 

«Адам ўзини жасур, ҳақиқий ватанпарвар ва курашишга тайёр инсон эканлигини исботлади! Ҳамма унинг кучли характери ҳақида билади»,  - дейилади Дудаевнинг постида.

Октябр ойининг бошида Адам Қодиров Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвонини олди, унвон қаҳрамонлик кўрсатган шахсларга минтақа ва чечен халқи олдидаги улкан хизматлари учун берилади.

Октябр ойи охирида ўсмир миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Татаристоннинг иккинчи муҳим ордени – «Дуслик» билан ҳам тақдирланди.

Қодировнинг ўғли томонидан талаба Никита Журавелнинг калтакланиши

Адам Қодиров Чеченистондаги тергов изоляторида Қуръонни ёқиб юборишда айбланган волгоградлик талаба Никита Журавелни калтаклагани акс этган видеони Рамзан Қодировнинг ўзи интернетда эълон қилди. Чеченистон раҳбари видеога берган изоҳида Адамнинг ҳаракатидан фахрланишини ёзган.

Ушбу ёзув жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди, аммо Чеченистон Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида ҳибсга олинган шахснинг калтакланиши бўйича «тергов ўтказди» ва жиноий иш қўзғатишдан бош тортди, чунки Чеченистон раҳбарининг ўғли 15 ёшда, бу каби жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортиладиган энг кам ёш эса - 16. Бу ҳақда 4 октябр куни Baza Telegram-каналида хабар берилган.

Россиянинг ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмади. На тергов изоляторига бегона шахс қандай кириб қолгани, на кичик Қодировнинг қилмишига йўл қўйиб бўлинмаслиги ҳақида изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид