Ўзбекистон | 07:45 / 06.11.2023
4698
3 дақиқада ўқилади

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш регламенти тасдиқланди

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг буйруғи билан шахсларни ишсиз деб эътироф этиш ва уларга ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича электрон давлат хизматини кўрсатиш тўғрисидаги регламент тасдиқланди.

Давлат хизмати ЯИДХП орқали Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман, шаҳар бўлинмалари томонидан кўрсатилади

Ариза берувчи томонидан тўлдирилган сўровнома ЯИДХП орқали автоматик равишда доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойидаги маҳаллий меҳнат органига юборилади. Ариза келиб тушган кундан эътиборан бир иш куни ичида кўриб чиқилади, рўйхатга олинганлиги ҳақида хабар юборилади.

Сўнгра ишсиз ўн кун ичида маҳаллий меҳнат органига ёки маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун бориши керак.

Маҳаллий меҳнат органи ариза берувчини ишсиз деб эътироф этиш ва унга ишсизлик нафақасини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ёки уни ишсиз деб эътироф этиш рад этилганлиги тўғрисида QR-код қўйилган хабарномани ариза берувчига юборади.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 45-моддасига асосан қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилиши мумкин эмас:

таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;
маҳаллий меҳнат органига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз келмаган шахслар;
таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно;
қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);
бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;
ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;
суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;
фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;
ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Мавзуга оид