Жаҳон | 23:34 / 09.11.2023
13172
2 дақиқада ўқилади

Октябр ойида дунёда ҳарорат рекорди янгиланди

Денгиз сатҳининг ўртача ҳарорати 20,79°С бўлгани қайд қилинди, бу ҳам рекорд даражадаги юқори кўрсаткичдир.

Фото: Getty Images

Октябрда дунёда ойлик ҳарорат рекорди янгиланди. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WMO) хабарига кўра, «октябр глобал ҳарорат рекорд даражага кўтарилган қаторасига бешинчи ой бўлди».

Ҳисоботда WMO бу кузатувлар давридаги энг иссиқ октябр бўлганини таъкидланади. «Октябр ойидаги ҳарорат 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,85°С ва олдинги рекорддан 0,40°С юқори бўлди», деди таҳлилчилар.

Уларнинг таъкидлашича, октябрда глобал ҳарорат аномалияси барча ойлар ичида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринга шу йилнинг сентябр ойи «сазовор бўлган» эди.

Шу билан бирга, экспертларнинг фикрига кўра, 2023 йил январдан октябргача бўлган даврда ўртача глобал ҳарорат рекорд даражадаги энг юқори кўрсаткичдир: 1850-1900 йиллардаги саноатдан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,43°С ва 2016 йилнинг ўн ойлик ўртача даражасидан 0,10 °С юқори.

Бундан ташқари, WMO октябр ойида денгиз сатҳининг ўртача ҳарорати 20,79°С бўлганини қайд қилди, бу ҳам рекорд даражадаги юқори кўрсаткичдир.

Олимлар ва синоптиклар узоқ вақтдан бери глобал исиш Ерга кескин суръатлар билан яқинлашаётганини айтиб келмоқда. Масалан, май ойида улар инсониятни «дўзахдек иссиқ ёз» кутаётгани ҳақида огоҳлантирдилар. Натижада уларнинг башорати амалга ошди. Кейинроқ олимлар бу йил сўнгги 125 минг йил ичида «деярли» энг иссиқ бўлишини айтишган эди.

Мавзуга оид