Ўзбекистон | 00:09 / 11.11.2023
8570
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бутунжаҳон хайрия индексида 36-ўринни эгаллади

Ўзбекистон аҳолиси нотанишларга ёрдам бериш, пул маблағини хайрия қилиш, шунингдек, хайрия тадбирларида кўнгилли сифатида иштирок этиш бўйича кўрсаткичларини анча яхшилаган.

Фото: iStock

Gallup тадқиқот компанияси кўмагида Charities Aid Foundation халқаро хайрия ташкилоти томонидан тузиладиган йиллик Бутунжаҳон хайрия индексида (.pdf) Ўзбекистон 36-ўринни эгаллади.

Рейтинг тузувчилари маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон аҳолисининг (катта ёшдаги) 59 фоизи нотанишларга ёрдам берган, 58 фоизи пул маблағини хайрия қилган ва 18 фоизи хайрия тадбирларида кўнгилли сифатида иштирок этган. Умумий ҳисобда бу Ўзбекистонга рейтингда 45 балл келтирган. Қайд қилинишича, 2021 йилга нисбатан Ўзбекистон рейтинг баллари энг кўп (+7) ўсган мамлакатлар сафида қайд этилган.

Таққосланадиган бўлса, рейтингда Тожикистон 24-ўринда, Қирғизистон 34-ўринда, Қозоғистон 107-ўринда қайд этилган.

Индонезия қаторасига олтинчи йил рейтингда пешқадам бўлиб турибди. Украина бирданига 13 поғонага кўтарилиб, иккинчи ўринга чиққан. Рейтингнинг юқори ўнлигига Кения, Либерия, АҚШ, Мянма, Кувайт, Канада, Нигерия ва Янги Зеландия ҳам кирган.

Энг қуйи поғоналарни Молдова, Россия, Мали, Грузия, Бангладеш, Мозамбик, Қозоғистон ва Ботсвана эгаллаган.

Рейтинг муаллифлари дунёда хусусий хайрия даражаси ўсиб бораётганини таъкидламоқда – бу тенденция пандемия даврида бошланган. 2022 йилда дунё аҳолисининг 72 фоизи ҳеч бўлмаганда бир марта бегоналарга у ёки бу тарзда ёрдам берган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид