Жаҳон | 12:10 / 11.11.2023
4996
3 дақиқада ўқилади

Россия Мариуполдан олиб кетилган ўсмирни Украинага қайтаради

Украина ва Россия эгаллаб олинган Мариуполдан олиб кетилган 17 ёшли ўсмир Богдан Ермохиннинг Россиядан қайтиши бўйича келишиб олди, буни ҳар икки томон ҳам тасдиқлаган.

Фото: QATAR'S MINISTRY OF FOREIGN AFFAIRS/REUTERS

Украина ва Россия Мариупол эгаллаб олинганидан кейин Россия томонидан РФга олиб кетилган 17 ёшли ўсмир Богдан Ермохинни Россиядан қайтариш бўйича келишувга эришди. Бу маълумотни 10 ноябр куни Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец тасдиқлади. «Мен расман тасдиқлайманки, Богданнинг Украинага қайтиши ва унинг синглисининг ёнига келиши бўйича келишувлар бор. Мен ҳаммадан тинчланишни, энг муҳими, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрайман. Ахир, бу қайтиш жараёнига зарар етказади», деб ёзади Лубинец.

Бир кун олдин Богданнинг манфаатларини ҳимоя қилаётганини айтган украиналик адвокат Екатерина Бобровская Украина президенти Володимир Зеленскийга очиқ мурожаат эълон қилди, унда у ўсмирнинг Украинага қайтишда ёрдам сўраган қисқа баёнотини келтирди. Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Facebook’да Богдан Ермохиннинг етим бола сифатида олиш ҳуқуқига эга бўлган Россиядаги квартирадан воз кечиши айтилган яна бир баёнотини эълон қилди. 

Россия расмийлари ўсмирнинг Украинага қайтишини тасдиқлади 

Богдан Ермохиннинг Украинага қайтиши ҳақидаги келишувни Россия болалар омбудсмени Мария Лвова-Белова тасдиқлади. Ўзининг Telegram-каналида у Россия расмийлари болага учинчи давлатга чиқииш имкониятини беришини ва у ерда амакиваччаси Валерия билан учрашишини таъкидлади. У, Лвова-Белованинг сўзларига кўра, «уни ўз оиласига қабул қилишга ва келажакдаги ҳаётига ёрдам беришга тайёр».

Бола 8 ёшида ота-онасини йўқотган; Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан олдин у Мариуполдаги металлургия коллежида ўқиган ва унинг қонуний васийси директор бўлган. Россияда у Лвова-Белованинг тарафдори васийлиги остида эди. 2023 йилнинг март ойида, ўша пайтга қадар Россия паспортини олган Ермохин Россиядан Украинага қочишга уринган, бироқ Россия хавфсизлик кучлари томонидан Беларус-Украина чегараси яқинида қўлга олинган. 

Бир неча кун олдин ўсмирга Москва яқинидаги ҳарбий комиссарлик бўлимига келиш буюрилган. Омбудсменнинг таъкидлашича, бу Россия армиясида ҳарбий хизматга чақириш мақсадида эмас, балки ҳарбий рўйхатга олиш маълумотларини аниқлаштириш учун қилинган. «Бундай чақирувни Россиянинг унинг ёшидаги барча фуқаролари олади», деди у. 

Богданнинг синглиси билан учинчи мамлакатдаги учрашуви декабр ойида туғилган кунида бўлиб ўтиши керак. «Богдан Россияни вояга етмаганида қонуний вакили ҳамроҳлигида тарк этади», — деб ёзган Лвова-Белова.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид