Европа Иттифоқида украиналик қочқинлар сони ўсишда давом этмоқда
Eurostat маълумотларига кўра, сентябр охирида урушдан қочган деярли 4,2 миллион украиналик Европа Иттифоқида вақтинчалик ҳимоя мақомига эга бўлган.
Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Европа Иттифоқига келган украиналик қочқинлар сони кетма-кет олтинчи ой ошди. Европа статистика агентлиги - Eurostat’нинг 10 ноябр, жума куни хабар беришича, сентябр охирида Европа Иттифоқи мамлакатларида вақтинчалик ҳимоя мақоми берилган деярли 4,2 миллион Украина фуқароси бўлган. Бу август ойининг охирига нисбатан 31 920 кишига ёки 0,8 фоизга кўпдир.
Ой давомида Украинадан келган қочқинлар сонининг энг катта ўсиши Германия (+19 205 киши ёки 1,6 фоиз), Нидерландияда (+3685 киши ёки 2,8 фоиз) ва Ирландияда (+2875 киши ёки 3,2 фоиз) қайд этилди. ЕИнинг бешта давлати – Чехия, Франция, Полша, Словения ва Люксембургда қочқинлар оқими бироз камайган, дейилади ҳисоботда.
Eurostat маълумотларига кўра, вақтинчалик ҳимоя олган украиналик қочқинлар сони бўйича Европа Иттифоқининг асосий давлатлари Германия (1 миллион 194 900 киши ёки 28,3 фоиз), Полша (958 655 киши ёки 23,1 фоиз) ва Чехия (357 960 киши ёки 8,8 фоиз) бўлиб қоляпти.
Украинадан келган қочқинлар учун Европа Иттифоқидаги вақтинчалик ҳимоя
Европа Иттифоқида Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш бўйича директива Россиянинг мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин фаоллаштирилган. Тизим 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида Болқон урушларидан кейин ишлаб чиқилган. Унинг мақсади Европа Иттифоқига қочқинларнинг оммавий оқими пайтида бошпана тизимларининг ортиқча юкланиши олдини олишдир. Урушдан қочган одамлар яшаш учун рухсатномаларни тез ва бюрократик тартиб-қоидаларсиз олади.
Сентябр ойи охирида Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари Еврокомиссия таклифи билан директиванинг амал қилиш муддатини 2025 йил мартигача узайтирди.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024