Жаҳон | 13:46 / 20.11.2023
9184
1 дақиқада ўқилади

Россияда Кемерово вилояти собиқ губернатори Омон Тулеев вафот этди

Тулеев Кемерово вилоятини 20 йилдан ортиқ бошқарган ва 2018 йилда «Зимняя вишня»даги ёнғиндан кейин истеъфога чиққан.

Фото: Александр Кряжев/РИА Новости

Кемерово вилоятининг собиқ губернатори Омон Тулеев 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 20 ноябр, душанба куни вилоятнинг амалдаги раҳбари Сергей Цивилев маълум қилди.

Тулеев Кемерово вилоятини 1997 йилдан 2018 йилгача бошқарган. У 64 киши, жумладан, 40 дан ортиқ боланинг ҳаётига зомин бўлган «Зимняя вишня» савдо-кўнгилочар марказидаги ёнғиндан кейин истеъфога чиқди. Ўшанда вилоят маъмурияти раҳбари ёнғин содир бўлган жойга келмаган, шунингдек, норозилик билдириб, қурбонлар сони ҳақида маълумот беришни талаб қилган Кемерово аҳолиси олдига ҳам чиқмаган. Фожиа ва истеъфодан кўп ўтмай, Тулеев вилоят парламенти спикери лавозимини эгаллади. 

1990-йилларда у Федерация кенгашида Кузбассдан вакил бўлган ҳамда Кемерово вилояти қонун чиқарувчи мажлисини бошқарган, шунингдек, Россиянинг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик бўйича вазири бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид