Жаҳон | 23:10 / 21.11.2023
13062
5 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмоннинг Россияга ташрифи: тожикистонлик талабалар ва мигрантларга енгиллик

Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон Россия Федерациясига расмий ташриф билан бориб, РФ президенти Владимир Путин билан учрашди. Тожикистонда рус тилида ўқитилувчи мактаблар ва тожик талабаларини қўллаб-қувватлашга келишилди. Шунингдек, 1,5 миллион мигрант учун шарт-шароитлар енгиллаштирилиши ҳақида сўз борди.

Фото: Имомали Раҳмон ва Владимир Путин. Фото: ТАСС

Кремл матбуот хизматининг хабар беришича, тор доирада ўтган учрашувда томонлар иккитомонлама ҳамкорликнинг жабҳалари ҳақида музокара ўтказишган.

Музокаралар чоғида Владимир Путин Имомали Раҳмонга Тожикистонда рус тилини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар учун ташаккур билдирган.

«Гуманитар алоқалар бизда ижобий қадамлар билан ўзгариб бормоқда, ўтган йили биз таълим рус тилида олиб бориладиган бешта мактаб очганимизни қайд этиб ўтишим керак.

Бу йил ҳам, келгуси йилларда ҳам Россия ҳукумати бу мактаблардаги дарсликлар учун 200 миллион рублдан пул ажратади, гарчи бу пуллар етарли бўлмаса ҳам, бу борада қарор қабул қилиб бўлинган. Тожикистондан талабалар ва аспирантлар бизда ўқишмоқда. МДҲ бўйича энг кўп квота Тожикистон ҳиссасига тўғри келади — 900 киши. Биз 2024/25 ўқув йилларда бу квотани 1000 кишига кўтарамиз», — деди Путин.

Имомали Раҳмон россиялик ҳамкасбига миннатдорлик билдирган.

«Йўқ, мен сизга раҳмат айтишим керак, чунки сиз рус тили ҳамда маданий ва гуманитар соҳадаги муносабатларимиз ривожига қандай эътибор қаратаётганингизни жуда яхши биламан. Бир пайтлар келишган эдик: сиз Тожикистон иқтидорли ёшларини тайёрлаш ва ўқитиш маркази, Маяковский номидаги рус драма театри барпо этиш ташаббуси билан чиқдингиз — бу мақсадларга Россия Федерацияси ҳукумати 4 ва 3,5 млрд рубл ажратди. Энди бу режалар амалга оширилади», — дея Россия президенти сўзларини келтирмоқда Kremlin.ru.

Фото: kremlin.ru

Владимир Путин Тожкиситон ва Россиянинг иқтисодий соҳадаги юксалиб бораётган муносабатларини ҳам қайд этди.

«Муносабатларимиз юксалиб бормоқда ва жуда юқори даражага эришган. Россия асосий савдо-иқтисодий ҳамкор эканлигини айтишнинг ўзи етарли, савдо айланмаси бўйича биринчи ўриндамиз: Тожикистоннинг қарийб 23 фоиз савдо айланмаси Россия ҳиссасига тўғри келади. Тўғридан тўғри инвестициялар бўйича ҳам етакчи ўринларда турамиз — 1,6 млрд доллар», — деди Путин.

Музокара чоғида «мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми» бўлмиш минтақадаги хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

«Албатта, биз КХШТнинг Минскдаги саммити олдидан муносабатларимизнинг бу таркибий қисми, энг аввало Афғонистон билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам гапиришимиз керак. Сизларга бу йўналишда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ўша ерда янада яққол сезилади. Шу сабабли бу қисм ҳам муҳим бўлади. Бошқа халқаро бирлашмалар доирасида биз жуда жиддий иш олиб бормоқдамиз ва доимо алоқадамиў, позицияларимизни мувофиқлаштириб бормоқдамиз», — деди Россия раҳбари.

«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, Владимир Путин, шунингдек, 1,2 миллион тожикистонлик мигрантлар учун муҳим енгилликлар ҳақида гапирган.

«Тожикистонликлар учун қонун даражасида Россия ҳудудида қайддан ўтмасдан бўлиш муддати узайтирилди (15 кун), шунингдек, бир йўла уч йиллик патент расмийлаштириш имконияти яратилди», — деди Путин.

Имомали Раҳмон ва Владимир Путин. Фото: kremlin.ru

Музокаралар якуни бўйича чиқишида Имомали Раҳмон Тожикистон Фаластиндаги вазият бўйича БМТ резолюциясини ягона имкони ечим сифатида кўришини таъкидлаган.

Шундан сўнг Владимир Путин Имомали Раҳмонга III даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» орденини топширган. Тақдирлаш маросими Кремлда музокара жараёнлари якунланганидан сўнг бўлиб ўтган, деб хабар беради ТАСС.

Путин бу орадаги тегишли фармонни 2022 йилнинг октябрида имзолаган. Имомали Раҳмон Россия Федерация ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан шахсий саъй-ҳаракатлари, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлагани учун давлат мукофотига лойиқ кўрилган.

2017 йилда Имомали Раҳмон Россия ва Тожикистон ўртасидаги иккитомонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун Александр Невский ордени билан ҳам мукофотланган эди. 

Имомали Раҳмоннинг Россияга ташрифи 22 ноябр куни ҳам давом этади. У билан бирга Москвага ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири, ички ишлар вазири, иқтисодий риводланиш вазири, энергетика вазири, Миллий фанлар академияси раҳбари ва бошқа олий мартабали мулозимлар борган.

Мавзуга оид