Ўзбекистон | 16:43 / 21.11.2023
21830
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда фуқаро шифокорга стул отди. Ҳолат ички ишлар органлари томонидан ўрганилмоқда

Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида фуқаро шифокорга қарата стул отди. Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида беморлар учун етарли шароит йўқлиги, шифокорлар шошилинч ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига бепарво муносабатда бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасасида шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётган ҳолати акс этган видеотасвир ҳам интернет тармоқларида муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси хабарига кўра, шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётгани акс этган видеотасвирдаги ҳолат шифохонада жорий йил 6 ноябрда содир бўлган.

Аниқланишича,шу куни соат чамаси 16:00 лар атрофида 2001 йилда туғилган фуқаро С.А. қабулхонанинг юз-жағ жарроҳлиги хонасига ютинишдаги оғриқлар, чайнашнинг қийинлиги, иккала томон жағ ости соҳасидаги шиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Бу пайтда шифокор Д.М. навбатчиликда бўлган.

Фуқаро шифокор томонидан кўрилганда бурун-ҳалқум ва бодомсимон безлар гиперемиялашиши катталашгани, гиперемия бутун оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига тарқалгани, икки томонлама жағ ости ва бўйин лимфа тугунлари симметрик катталашгани ҳамда тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори эканлиги аниқланган.

Шунга кўра, шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижалари юзасидан батафсил маълумот берилади.

Мавзуга оид