Ўзбекистон | 07:43 / 22.11.2023
4737
2 дақиқада ўқилади

Миллий кутубхона яна 24/7 режимида ишлашга қайтиши кутилмоқда

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси кечки вақтда ҳам ишлашини таъминлаш учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Октябрда муассаса тун-у кун ишлаш режимини тўхтатганди.

Фото: Kun.uz

21 ноябр куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда депутатлар 2024 йил учун Ўзбекистон давлат бюджетида кутубхонанинг кечки вақтда ишлаши учун талаб қилинадиган маблағни акс эттириш масаласини кўтарди.

Қайд этилишича, ҳужжат лойиҳасида ёшларга кутубхонадан кечки вақтда фойдаланиш учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси харажатлари учун қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилди. 

Амалдаги тартибга кўра, кутубхона 8:00 дан 21:00 га қадар, дам олиш (шанба ва якшанба) кунлари эса 9:00 дан 17:00 га қадар китобхонларни қабул қилади.

20 октябрдан Тошкент шаҳридаги Миллий кутубхона тун-у кун ишлаш режимини тўхтатганди. 

Маъмуриятнинг маълум қилишича, бундай қарор куз-қиш мавсумида электрни тежаш, тунда ишлаш учун қўшимча штатлар ажратилмагани, шунингдек, фойдаланувчиларни назорат қилиш имкони чеклангани учун қабул қилинган.

Муассаса таклифларга кўра 2022 йилнинг 1 ноябридан тун-у кун ишлай бошлаганди.

Мавзуга оид