Ўзбекистон | 16:15 / 24.11.2023
2494
2 дақиқада ўқилади

Варшава - Тошкент мунтазам авиақатновлари февралдан йўлга қўйилади

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Полша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширди.

Фото: Дунё

"Дунё" хабарига кўра, Полша Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолар экан, Ўзбекистондан Полшага ярим тайёр ва тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспортини ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Полша ва Ўзбекистон яқин маданий-гуманитар алоқаларга эга эканлиги, 2024 йил февралидан Варшава–Тошкент–Варшава йўналиши бўйича мунтазам тўғридан тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши полшалик сайёҳлар сонининг кўпайишига ва ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Элчи Амирсаид Аъзамхўжаев 7 ноябр куни Варшавага келган. Бунга қадар у Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик ва юридик бўлимида ишлаган, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги консули, 2020 йилдан Бош консуллик раҳбари бўлган. У 38 ёшда. Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган.

Амирсаид Аъзамхўжаев 2015 йилдан муваққат ишлар вакили, 2019 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Варшавадаги дипломатик миссия раҳбари бўлиб ишлаган Баҳром Бобоев ўрнига тайинланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид