Ўзбекистон | 21:17 / 25.11.2023
17407
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 5 баллик геомагнит бўронининг таъсири сезилмоқда

Ўзбекистон ҳудудида 25 ноябр куни соат 14 дан бошлаб 5 баллик геомагнит бўрони қўзғалишининг таъсири сезилмоқда. Бу ҳақда Олмаота ионосфера институти маълумотларига таяниб, ўзбекистонлик гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Абдулаҳатовнинг ўз каналида ёзишича, 10 баллик шкаладан 5 баллик геомагнит бўрони – ўртача сезиларли хавфга эга қўзғалиш бўлиб, бу 30 ёшдан юқори аҳоли қатламига физиологик ва психологик таъсир кўрсатади.

Бу таъсирлар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

  • бош оғриши, пешона ва орқа мия қисмда тиришиш;
  • артериал қон босимидаги ўзгаришлар;
  • апатия.

Шифокорлар бундай пайтда жисмоний зўриқишлардан қочиш, кўпроқ дам олиш, ортиқча овқатланмаслик, спиртли ичимликлар ичишдан тийилишни тавсия этишади, дея ёзди мутахассис.

Манба: Олмаота ионасфера институти / Uzb_meteo Telegram-канали

Эркин Абдулаҳатов 5-6 баллик магнит бўрони қўзғалишлари фаоллигидан сўнг минтақада ер юзига яқин ҳудудларда кичикроқ магнитудада зилзилалар кузатилаётганини қайд этган. Эслатиб ўтамиз, 24 ноябр куни Ўзбекистон ҳудудида 6 марта ер силкиниши кузатилганди.

“Шунинг учун эртага тонг ва кундуз муддатларида минтақада бироз сейсмик фаолликни прогноз қилиш мумкин”, – деди у 25 ноябр оқшомида ёзган постида.

Мавзуга оид